500 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида янги, замонавий 500 ўринли талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, университет жамоаси, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг, сўзга чиққанлар янги талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши мазкур олий ўқув юрти ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири эканини, бу маскан талаба-ёшларнинг таълим олиши ва ўз устида ишлаши учун янада қулай муҳит яратишини айтиб ўтди.

Замонавий талаблар асосида қурилган янги талабалар турар жойи 500 талабани ўз бағрига сиғдира олади. Бунда талабаларнинг яшаши, таълим олиши, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилган.
Тадбир иштирокчилари янги талабалар турар жойининг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг хоналари ва талабаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири