Юздан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари эшитилди
Халқ вакилларининг ҳудудлардаги ўрганишлари жойларда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва уларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирида ўзлари сайланган сайлов округларида бўлиб, ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини яқиндан ўрганмоқда, фуқаролар билан мулоқот қилишмоқда. Шу орқали ҳудудлардаги мавжуд масалаларни ҳал этишаётгани эътиборга молик.
Куни кеча парламент қуйи палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида фракция аъзоларининг сайлов округларидаги бу галги фаолияти якунлари батафсил муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, фракция аъзолари сайлов округларида аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади, ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар ҳамда тадбиркорлик субъектларида бўлиб, ҳудудлардаги долзарб масалаларни ўрганди.
Ўрганишлар давомида жами 264 та объект қамраб олиниб, 167 та учрашувда 3 минг 816 нафар аҳоли иштирок этди, 114 нафар фуқаронинг мурожаатлари сайёр қабулларда эшитилди. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотлар билан тегишли чоралар белгиланди.

Депутатларнинг фикрича, халқ вакилларининг сайлов округидаги фаолияти, аввало, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва амалий ечим топишга қаратилмоғи лозим. Шу маънода улар жойларда одамларни ташвишга солаётган муҳим масалаларга устувор аҳамият қаратиб, ваколатлари доирасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
М.Комилова, ЎзА