Депутатлик назорати — халқ манфаатига хизмат қиладиган амалий механизм
Бугун маҳалла фақат аҳоли яшайдиган ҳудуд эмас. У — инсоннинг дарди эшитиладиган, муаммоси аниқланадиган, орзуси қўллаб-қувватланадиган ва ташаббуси рўёбга чиқадиган энг яқин ижтимоий масканга айланмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам айнан шу — инсон қадрини юксалтириш, аҳоли муаммоларини қуйи бўғиннинг ўзида аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла институтини янада кучайтириш, уни аҳоли билан давлат ўртасидаги энг яқин ва самарали кўприкка айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Маҳалла еттилиги” фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Мақсуд Муҳаммедовнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда “Калон” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказган учрашуви ҳам ана шу жараённинг узвий давоми бўлди.
“Калон” маҳалласида 4 024 нафар аҳоли, 824 та хонадон ва 1 041 та оила истиқомат қилади. Бу рақамлар ортида эса минглаб тақдирлар, турли эҳтиёжлар, муаммо ва ташаббуслар мужассам.


Шу боис маҳалладаги ҳар бир оиланинг ҳолатини билиш, аҳоли мурожаатларини эътиборсиз қолдирмаслик, муаммони умумий гаплар билан эмас, аниқ манзил ва аниқ чоралар асосида ҳал этиш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан биридир.
Учрашувда “маҳалла еттилиги” вакиллари билан фуқаролар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни босқичма-босқич амалий ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Аслида маҳалла фаолияти самарасини фақат ўтказилган йиғилишлар ёки қабуллар сони билан эмас, балки қанча инсоннинг муаммоси ҳал этилгани, қанча оиланинг ҳаёти яхшилангани билан ўлчаш керак.
Учрашувда ҳудудда осойишталикни таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Профилактика инспектори билан суҳбатда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш, айниқса, ёшлар билан манзилли ишлаш юзасидан фикр алмашилди. Зеро, жиноят содир бўлганидан кейин унинг оқибатини бартараф этишдан кўра, унинг илдизини олдиндан аниқлаш ва олдини олиш анча самарали.
Бунинг учун эса ёшларни бўш қолдирмаслик, уларнинг қобилияти ва қизиқишини қўллаб-қувватлаш, таълим ва касб-ҳунарга йўналтириш муҳим. Учрашувда маҳалла ёшлар етакчиси томонидан билдирилган таклифлар ҳам эътиборга молик.


Хусусан, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этиш, маҳалла биносининг маълум қисмида ёшларга хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўқув курсларини йўлга қўйиш таклифлари депутат томонидан алоҳида эътироф этилди. Бу таклифларга оддий ободонлаштириш ёки навбатдаги тўгарак сифатида қараб бўлмайди. Чунки ёшлар учун яратилган ҳар бир имконият — келажакка киритилган сармоядир.
Ёшлар китоб ўқийдиган, тил ўрганадиган, спорт билан шуғулланадиган, янги касб эгаллайдиган муҳитда улғайишса, уларнинг ҳаётга муносабати ҳам, мақсади ҳам бошқача бўлади. Шу маънода, “Ёшлар боғи” ғояси маҳаллада ёшларни бирлаштирадиган, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этадиган ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган масканга айланиши мумкин.
Депутатнинг Ғиждувондаги ўрганишлари маҳалла билан чекланиб қолмади. Мақсуд Муҳаммедов тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ҳам ўрганди.
Совуқ фаслда болаларнинг мактабда илиқ, хавфсиз ва қулай шароитда таълим олиши — оддий маиший масала эмас. Бу таълим сифатига, ўқувчилар саломатлигига ва таълим жараёнининг узлуксизлигига бевосита таъсир қилади. Шу боис депутат ташрифи давомида мактабнинг иситиш тизими, ёқилғи ва энергия ресурслари билан таъминланганлик ҳолати, моддий-техник базаси, таълим-тарбия жараёни ҳамда ўқувчилар хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар синчиклаб кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида мактаб раҳбарияти томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари намунавий ташкил этилгани қайд этилди.


Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Фан тўгараклари ва спорт машғулотларининг йўлга қўйилгани, китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар амалга оширилаётгани депутат томонидан юқори баҳоланди. Чунки замонавий мактабнинг вазифаси фақат ўқувчига билим бериш билан чекланмайди. У боланинг дунёқарашини шакллантиради, истеъдодини кашф этади, уни мустақил фикрлашга, изланиш ва катта мақсадлар сари интилишга ўргатади. Китоб билан дўстлашган, спорт билан шуғулланган, фанга қизиққан ёшнинг келажакда ўз ўрнини топиш имконияти ҳам юқори бўлади.
Мактаб ходимлари билан суҳбат давомида куз-қиш мавсумида иссиқлик ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, мавжуд шароитларни янада яхшилаш ҳамда ўқувчилар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳитини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди. Бу эса бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: таълим сифати синфхонадаги дарсдан бошланса-да, унинг натижасига яратилган муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Ўқувчи ўзини хавфсиз ҳис қилса, синфхонаси илиқ ва ёруғ бўлса, зарур шароитлар яратилса, у билим олишга янада кўпроқ интилади.
Ташрифлар якунида илгари сурилган таклифларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Бу ерда энг муҳим жиҳат — муаммони кўришнинг ўзи эмас, унинг ечими ортидан боришдир.
Бугун депутат маҳаллага кириб, аҳоли билан суҳбатлашади. Эртага айтилган таклифнинг тақдири нима бўлганини сўрайди. Мактабдаги камчилик аниқланса, унинг бартараф этилган-этилмагани устидан назорат ўрнатади. Ана шунда депутатлик назорати қоғоздаги ҳисобот эмас, халқ манфаатига хизмат қиладиган амалий механизмга айланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири