Юртдошларимиз Словенияга ишга таклиф этилди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Словения Республикаси бандлик хизмати ҳамда Словения ҳунармандчилик ва кичик бизнес палатаси вакилларидан иборат делегация Самарқанд шаҳридаги касбий кўникмалар марказида миграция агентлиги вилоят ҳудудий филиали масъуллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда миграция соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, меҳнат бозори учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда фуқароларни Словенияда қонуний ва хавфсиз иш билан таъминлаш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
– Халқаро миқёсда ишчи кучига талаб ортиб бормоқда, – дейди Миграция агентлигининг Самарқанд вилоят ҳудудий филиали раҳбари Лазиз Ибрагимов. – Юртимизда ҳам хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар кўпчиликни ташкил қилади. Уларни чет мамлакатларда хавфсиз меҳнат шароитларида ишлашларини таъминлаш мақсадида кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги кунда Европа ва Араб давлатларидан хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт йўналишлари бўйича таклифлар келмоқда. Словения Республикасидан ташриф буюрган ҳамкорларимиз ҳам ўз давлатларида мавжуд иш ўринлари ҳақида маълумот бериб, тартиб ва талабларни тушунтирмоқда.
Шу ерда Словения делегацияси таркибида келган йигирмага яқин иш берувчи бўш иш ўринлари ҳақидаги тақдимотларини намойиш этди.
– Ўзбекистонликлар учун асосан саноат, қурилиш ва транспорт соҳаларида иш таклиф қиляпмиз, – дейди Словения бандлик хизмати (ESS) раҳбари Анка Роде. – Тузиладиган меҳнат шартномасида иш жойи, лавозим ва иш ҳақи аниқ кўрсатилади. Ҳозирда Словенияда минимал иш ҳақи 1275 еврони ташкил этади. Меҳнат қонунчилигига кўра, талабгор шартнома асосида рухсатнома расмийлаштирилган иш жойида, ариза берган касби бўйича ишлаши мумкин. Масалан, агар юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ариза топширган бўлсангиз, бир вақтнинг ўзида ҳам юк машинаси ҳайдовчиси, ҳам пайвандчи бўлиб ишлай олмайсиз. Шуни алоҳида таъкидлашим лозим, мамлакатимиз қонунчилигида ягона рухсатнома асосида ишлаётган хорижий фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади ва хорижликлар ҳам словениялик ишчилар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади.
Меҳмонларнинг қайд этишича, Словенияда ишлаш учун инглиз ёки рус тилларини билиш талаб этилади. Иш бошланганидан сўнг, ишчи ижтимоий суғурта тизимига киритилади. Яъни тиббий суғурта, ногиронлик суғуртаси ва пенсия суғуртаси юритилади. Тиббий хизматларга эҳтиёж туғилганда давлат тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш мумкин бўлади. Тиббий хизматлардан фойдаланиш шартлари тегишли суғурта тури ва амалдаги қоидалар асосида бепул кўрсатилади.
[gallery-31911]
– Хорижда ишлаш имконияти бўлса, ишлаш ниятим бор, – дейди Жамшид Авазов. – Бундан бир неча йиллар олдин хорижда меҳнат қилиб келганман. Транспорт хизмати бўйича тажрибага эгаман. Словениялик иш берувчилар билан учрашиб, уларнинг шарт-шароитлари, талабларини ўргандим. Уларнинг талаблари ҳам бошқа иш берувчилар каби оддий: тил билиш, малакага эга бўлиш ва оилавий шароити хорижга чиқишга тўсқинлик қилмаслиги керак. Таклиф қилинаётган ойлик маош 1500 евродан бошланиб, иш тажрибаси ва бажариладиган вазифаларга қараб яна оширилар экан. Иш берувчилар ҳужжатларим тўғри келганини айтди ва миграция агентлиги масъуллари билан боғланиб, хабар берилишини маълум қилишди.
Словения делегацияси Самарқанд касбий кўникмалар маркази, “Ватанпарвар” автомобиль ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув маркази ҳамда Самарқанд шаҳридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган 4-сон техникумда яратилган шароитлар, касб-ҳунар ҳамда чет тилларини ўргатиш бўйича йўлга қўйилган ўқув дастурлари билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари