Кассация шикояти қаноатлантирилмади
Мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофаза қилиш, иқлим мусаффолиги ҳамда тоза ҳаво барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Наманган вилоятида Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси (экополиция) ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан тизимли амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бош бошқарма (Экополиция) мутахассислари томонидан Поп туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Поп цемент” қўшма корхонаси фаолияти юзасидан ўтказилган рейд-назорат тадбирларида экологик қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун жами 829 миллион 25 минг 447 сўм компенсация тўлови ҳисобланди.
– Маблағни ундириш юзасидан иқтисодий судга киритилган даъво аризаси биринчи инстанция суди тарафидан қаноатлантирилди ҳамда ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Жавобгар билдирган кассация шикояти эса қаноатлантирилмади, – дейди Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Орифжон Жўраев. – Ушбу натижа табиат муҳофазасига оид тартиб-қоидаларга риоя этилишини таъминлашда ҳуқуқий чораларнинг амалий ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири