Ёшу кекса ўзбек тилини улуғламоқда
Сурхондарё вилоятида Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган майдонда ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, ҳарбий хизматчилар, талабалар, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимининг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан воҳа аҳлига йўллаган табригини Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов ўқиб эшиттирди. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Алламурадов ва бошқалар ўзбек тили лўғатининг бойлиги, жозибаси ва халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Миллий ўзлигимизни англаш ва нуфузини янада ошириш, қўллаш доирасини кенгайтиришга қаратилаётган эътибор тўғрисида фикр алмашди. Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида бўлиб ўтган тадбирда тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаёти ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялаш, юртимизда давлат тилининг тўлақонли жорий этишни таъминлаш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун қулай шароит яратиш юзасидан кўрсатилаётган эътибор ўз самараларини бераётганини қайд этди. Таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириб, софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаб, жаҳондаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири