Тадбиркорга нотўғри ҳисобланган бир миллиарддан ортиқ қарздорлик бекор қилинди
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони томонидан Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларидан бирининг ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи «С.Г.Ф.» МЧЖ раҳбари катта миқдорда ҳисобланган ер солиғи, пеня ва молиявий жаримани бекор қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, 2023 йилда тадбиркорга тегишли ер майдони Мирзаобод тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилган. Кадастр бўлимида ушбу ернинг кадастр рақами тизимдан олиб ташланган бўлса-да, эски тизимда қолиб кетгани сабабли МЧЖга 1,3 миллиард сўм нотўғри солиқ ҳисобланган.
Гулистон шаҳар солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган солиқ аудити натижасига кўра, ушбу сумманинг 2023–2024-йиллар учун 645,3 миллион сўмлик қисми бўйича қўшимча ер солиғи, 129 миллион сўмдан ортиқ молиявий жарима ҳамда тегишли пеня тўлаш мажбурияти қолдирилган.
Аммо амалда, жамиятга ажратилган 11,2 гектар ер майдони бўйича ҳоким қарори суд томонидан 2023 йилнинг ноябрь ойидаёқ бекор қилиниб, ер майдони туман захирасига қайтариб олинган эди. Кадастр базасида ушбу маълумотларни қайд этишдаги техник кечикишлар сабабли автоматик равишда ер солиғи ҳисоблаш давом эттирилган.
Бизнес-омбудсман девони тадбиркор манфаатини ҳимоя қилиб, Гулистон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритди. Суднинг ҳал қилув қарори билан солиқ инспекциясининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Шунингдек, Давлат кадастрлари палатаси томонидан ушбу ер майдони белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилди ҳамда дастурга нотўғри бириктирилгани сабабли солиқ органи томонидан МЧЖга нисбатан қўйилган барча тақиқлар бекор қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА