Ёшларнинг фикри, ташаббуси ва келажак режалари раҳбарлар эътиборида
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг ветеринария ва ҳайвонлар саломатлигини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича ўринбосари Фурқат Джалилов иштирокида талаба-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ёшлар билан мулоқот уларнинг орзу-мақсадларини эшитиш, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш, ташаббусларига йўл очиш демакдир. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига доир масалалар давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бундай мулоқотларнинг мазмун-моҳиятини янада оширмоқда.

Мулоқотда ёшларнинг таълим, касбий ривожланиш, келгусидаги фаолияти ва соҳада ўз ўрнини топиш билан боғлиқ қарашлари тингланди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, таклиф ва ташаббусларини билдирдилар. Раҳбарлар билан юзма-юз мулоқотда уларнинг фикрлари, интилишлари ва режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ф.Жалилов талабалар билан суҳбатда ветеринария ва чорвачилик соҳалари учун зарур бўлган замонавий билимларга эга, мустақил фикрлайдиган ва амалий кўникмаларни пухта ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш масаласига тўхталди. Ёшларнинг танлаган касбига масъулият билан ёндашиши, ўз устида мунтазам ишлаши, соҳадаги янгиликлар ва талаблардан хабардор бўлиб бориши келгусидаги фаолиятида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Учрашувдаги очиқ мулоқотнинг аҳамияти шундаки, талабалар ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита раҳбарларга етказиш, фикрларини эркин баён қилиш ва таклифларини муҳокама этиш имконига эга бўлдилар. Бу эса ёшлар билан ишлашда уларнинг фикрини эшитиш, эҳтиёжларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга асосланган ёндашувнинг амалий кўринишидир.
Ёшлар сиёсатида белгиланган вазифаларнинг ҳаётдаги ифодаси, энг аввало, ёшларнинг имкониятлари, интилишлари ва муаммоларига муносабатда акс этади. Раҳбарлар ва талаба-ёшлар ўртасидаги бундай учрашувлар таълим муассасасида очиқ мулоқот муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг фаол позициясини шакллантириш ва уларнинг келажак режаларига доир масалаларни биргаликда муҳокама қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири