Болалар фаровонлиги: Ўзбекистоннинг кенг қамровли ёндашуви
Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқлари, орзулари ва хавфсиз келажаги учун масъулият нафақат ғамхўрлик, балки давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланмоқда. Бу борада кенг қамровли чоралар жорий этилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 900 минг нафар бола дунёга келади. Уларнинг ҳар бири учун яратилаётган шароит мамлакатнинг келгуси тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Болаларнинг соғлом вояга етиши, билим олиши ва қобилиятларини ривожлантириши оиланинг ҳам, давлат ва жамиятнинг ҳам доимий эътиборини талаб этади.
Болаларнинг таълим олиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун шароитлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, инклюзив таълим доирасида 7 минг 300 та инклюзив синф ташкил этилган бўлиб, уларда 10 минг нафар бола таҳсил олмоқда. Шунингдек, 1 минг 700 та мактабда тўсиқсиз муҳит яратилган. Бундай шароит ногиронлиги бўлган болаларнинг тенгдошлари билан бирга таълим олиши, мулоқот қилиши ва ўз қобилиятларини ривожлантириши учун муҳим. Айниқса, болаларнинг ривожланишидаги қийинчиликларни эрта аниқлаш, зарур кўникмаларни шакллантириш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш устувор йўналишлардан ҳисобланади. 2026 йилда 1 500 нафар бола эрта аралашув, 6 500 нафари кундузги парвариш, 2 000 нафари эса “Янги кун” ижтимоийлашув хизматидан фойдаланди. Эрта аралашув боланинг ривожланишидаги қийинчиликларни дастлабки босқичларда аниқлаш ва унга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконини беради. Кундузги парвариш ва ижтимоийлашув хизматлари эса болаларнинг зарур ҳаётий кўникмаларни эгаллаши, тенгдошлари билан мулоқот қилиши ҳамда жамият ҳаётида фаолроқ иштирок этишига кўмаклашади. Бу хизматларнинг кенгайиши ота-оналарга ҳам фарзандининг ривожланиши ва парваришида қўшимча кўмак олиш имконини яратмоқда.
Ҳар бир бола меҳр, эътибор ва ғамхўрлик ҳукм сурадиган оилавий муҳитда улғайишга ҳақли. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бундай шароитни яратиш ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим вазифаларидан биридир. 2026 йилда 16 та кичик оилавий болалар уйи ташкил этилди. «Меҳрли оила» дастури орқали 2 минг 400 нафар бола қамраб олинди. Шунингдек, “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури доирасида интернат муассасалари битирувчилари бўлган 4 минг 300 нафар ёшни қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилди. Бу йўналишдаги ишлар болаларнинг оилавий муҳитда тарбияланиши билан бир қаторда, уларнинг таълим олиши, касбий ва ҳаётий кўникмаларни эгаллаши, мустақил ҳаётга мослашишига кўмаклашишни ҳам назарда тутади.
Шунингдек, болаларнинг хавфсизлиги уларнинг соғлом ривожланиши учун зарур шартлардан бири. Оилада, таълим муассасасида ёки бошқа муҳитда содир этилган зўравонлик боланинг руҳий ҳолати, соғлиғи ва келажакдаги ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хавф остидаги болаларни эрта аниқлаш, жабрланганларга ўз вақтида ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2025 йил 15 майдан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги тегишли фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатлар зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш, жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда тегишли ташкилотларнинг ҳамкорлигини кучайтириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган “Богота ҳаракатга чақириғи” ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ҳудудларда болаларга ёрдам кўрсатишга қаратилган 21 та марказ ташкил этилди. Уларнинг хизматларидан 212 нафар бола фойдаланди. Йил якунига қадар яна 7 та марказ очилиши режалаштирилган. Мазкур марказлар зўравонликдан жабрланган ва ҳимояга муҳтож болаларга зарур ёрдам кўрсатиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кейинги ҳаётига мослашишига кўмаклашишга хизмат қилади.
Болалар билан ишлашда уларнинг ёши, руҳий ҳолати ва манфаатларини ҳисобга олиш алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, зўравонликдан жабрланган боланинг бошидан кечирган воқеаларини қайта-қайта баён қилишига тўғри келиши унга қўшимча руҳий зарар етказиши мумкин. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳрида халқаро “Barnahus” модели асосида ташкил этилган “Нажот” болалар маркази муҳим аҳамият касб этади. Марказ болалар билан боғлиқ тергов ва бошқа процессуал ҳаракатларни уларга мослаштирилган шароитда ўтказиш, тегишли мутахассисларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда жабрланган болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бундай ёндашувда боланинг хавфсизлиги ва манфаатлари устувор бўлиб, унга ёрдам кўрсатиш жараёнида такрорий руҳий жароҳатланиш хавфини камайтиришга эътибор қаратилади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш фақат муайян хизмат ёки ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди. Уларнинг фикрини эшитиш, имкониятларини эътироф этиш, камситилиш ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳам кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиши керак. Ногиронлиги бўлган боланинг тенгдошлари билан бирга таълим олиши, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг оила меҳрини ҳис қилиши, зўравонликдан жабрланган боланинг хавфсиз муҳитга қайтиши — буларнинг ҳар бири инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган ўзгаришлар. Ҳар бир бола соғлом улғайиши, ўз қобилиятини ривожлантириши, фикрини эркин билдириши ва хавфсиз ҳаёт кечириши учун имкониятга эга бўлиши лозим. Болаларнинг бугунги фаровонлиги учун қилинаётган ишлар уларнинг эртанги мустақил ҳаёти ва жамиятимиз келажаги учун мустаҳкам асос яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА