Ёшлар хавфсизлиги ва таълимига эътибор кучайтирилади
Ёшларга эътибор фақат уларнинг таълими билан чекланмайди. Бугун мактабдаги хавфсизлик, замонавий шароит, китоб ўқиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган имкониятлар ҳам муҳим.
Шу нуқтаи назардан, Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Б.Ташматов Ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги қатор масканларда бўлди.
Дастлаб 22-сон ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактабида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим муассасасидаги хавфсизлик тизими билан танишди. Айниқса, ўқувчилар давоматини рақамлаштирилган тизим орқали аниқлаш имкониятига эътибор қаратилди. Бундай тизим, аввало, боланинг мактабга келиб-кетиши устидан назоратни кучайтириш, ота-оналар хотиржамлигини таъминлаш ва мактабдаги тартибни янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Ташриф давомида мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ва ўқувчилар учун қулай муҳит яратиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришда китоб ва санъатнинг ўрни ҳам алоҳида. Шу боис Миллий гвардия қўмондони Тошкент Замонавий санъат маркази ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузуридаги Республика болалар кутубхонасида ҳам бўлиб, ёшлар учун яратилган имкониятлар билан танишди.
Шунингдек, Миллий гвардиянинг Болалар кутубхонасидаги қурилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Ушбу масканнинг барпо этилиши ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобхонликка кенг жалб қилиш ва интеллектуал муҳитини бойитишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА