Ўзбекистон давлат консерваторияси ва Нукус филиали ТОП-20 таликда
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан битирувчилар сифати индекси натижалари асосида энг юқори кўрсаткич қайд этган ТОП-20 олий таълим муассасаси рўйхати эълон қилинди.
Мазкур рейтинг битирувчиларнинг таълим жараёнида эгаллаган билим ва кўникмалари, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ҳамда таълим сифатини баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар асосида шакллантирилган.
Ушбу рўйхатдан Маданият вазирлиги тасарруфидаги Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда унинг Нукус филиали ҳам муносиб ўрин эгаллади.
Ушбу натижа таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, замонавий ўқув ёндашувларини жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ва унинг Нукус филиалининг ТОП-20 таликдан ўрин олиши мусиқа таълими соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, ижодий ва касбий салоҳиятни юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи бўлди.
Мазкур натижа консерватория жамоасининг таълим сифатини юксалтириш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар этиб тайёрлаш йўлидаги изчил фаолияти самараси сифатида баҳоланади.
Мазкур эътироф консерватория ва унинг Нукус филиалида таълим сифатини мунтазам такомиллаштириб боришга қаратилган тизимли ишлар самараси эканини кўрсатади. Рейтинг натижалари профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, замонавий таълим усулларидан самарали фойдаланиш ва талабалар учун яратилаётган имкониятларнинг муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлайди.
Айниқса, битирувчиларнинг касбий фаолиятда ўз ўрнини топиши ва меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиши таълим муассасалари фаолиятининг муҳим натижаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон давлат консерваторияси ва Нукус филиалида миллий мусиқа меросини асраб-авайлаш билан бир қаторда, замонавий мусиқа таълими ва ижодий ёндашувларни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилган юқори натижа талабаларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни халқаро ва миллий миқёсдаги танлов ҳамда фестивалларга тайёрлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим рағбат бўлиб хизмат қилади. Келгусида ҳам таълим сифатини янада ошириш, замонавий ўқув дастурларини такомиллаштириш ва мусиқа санъати соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Н.Усмонова, ЎзА