Ёшлар учун иш эшиклари очилди
Сирдарё ИЭС да Ширин энергетика техникумининг битирувчи ёшлари учун «Ишга марҳамат» ярмаркаси ташкил этилди. «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ёшлар корхонадаги иш жараёни, меҳнат шароити ва энергетика соҳасидаги касбий имкониятлар билан танишишди.
Тадбирда битирувчилар иш берувчи ва соҳа мутахассислари билан бевосита мулоқот қилди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, мутахассислик бўйича ишлаш учун зарур билим ва кўникмалар, корхонадаги талаблар ҳамда касбий ўсиш имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, Сирдарё ИЭС раҳбари Бахром Собиров, партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосарлари — фермер Баҳодир Кенжаев ва тадбиркор Гулчеҳра Жонжигитовалар иштирок этишди.

Ёшлар Сирдарё ИЭС фаолияти билан танишиш асносида корхонада меҳнат қилаётган ёш мутахассислар билан ҳам суҳбатлашди. Мулоқотда энергетика соҳасида ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари, касбий билим ва кўникмаларни мунтазам ошириб бориш, иш жараёнида ташаббускор ва масъулиятли бўлиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

— Бугун корхонадаги иш жараёнини бевосита кўриб, ўзимиз қизиққан саволларга мутахассислардан жавоб олдик. Бу назарий билимларимизни амалиёт билан боғлаш ва келгусида қайси йўналишда ишлашимизни белгилаб олиш учун яхши тажриба бўлди, — дейди тадбир иштирокчиси Асалхон Исроилжонова.

Мулоқот давомида битирувчиларни бандликка йўналтириш, уларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ҳамда меҳнат бозори талабларига мослаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасидаги бундай тўғридан-тўғри мулоқот ёшларга ишга жойлашишдан олдин реал меҳнат муҳити билан танишиш, касб талабларини яхшироқ англаш ва ўз имкониятларини баҳолашга ёрдам беради. Иш берувчилар учун эса келгусида жамоага жалб этилиши мумкин бўлган ёш кадрлар билан танишиш имконини беради.

«Ишга марҳамат» ярмаркаси доирасидаги учрашувлар битирувчиларнинг касбий салоҳиятини намоён этиши, меҳнат бозоридаги талабларни англаши ва келгуси фаолиятини белгилаши учун амалий мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири