Имкониятдан натижа сари
Бир аёл касб ўрганса — бир оилада янги даромад манбаи пайдо бўлади. Бир аёл тадбиркорликни бошласа — унинг ортидан яна бир нечта иш ўрни яратилиши мумкин. Энг муҳими, аёл ўз имкониятига ишонса, унинг ташаббуси оиласи, маҳалласи ва жамият ҳаётида ҳам ўз аксини топади.
Гулистон шаҳрида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ана шу мақсад — имкониятни аниқ натижага айлантиришга йўналтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 7 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда: Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ албатта бахтли бўлади, — дея таъкидлаган эди.
Бу фикр замиридаги асосий мақсад — хотин-қизларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга касб эгаллаши, меҳнат қилиши ва ўз даромадига эга бўлиши учун шароит яратишдир.
Гулистон шаҳрида бу борадаги ишлар аниқ натижага йўналтирилмоқда. Жорий даврда 1328 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. Уларнинг 1315 нафари касбий таълим тизимида, 13 нафари Божхона институтида таълим олди. Шунингдек, 189 нафар хотин-қиз тадбиркорлик йўналишида билим ва кўникмаларини оширди, 143 нафари нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали касб-ҳунарга ўргатилди.

Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиеванинг таъкидлашича, бу жараёнда асосий эътибор хотин-қизларни шунчаки ўқитишга эмас, балки уларнинг олган билимини амалиётга татбиқ этиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига қаратилмоқда.
— Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда уларни касб-ҳунарга ўқитиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Шу боис хотин-қизларнинг ҳар бир мурожаати, ҳар бир ташаббусини эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз.
Олдимизда мақсад ва вазифалар кўп. Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, оилаларда тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, ажримларнинг олдини олиш, оила қўрғонини асраш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда, — дейди Азиза Пайзиева.
Бу ёндашув рақамларда ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, 137 нафар хотин-қиз тажрибали тадбиркор-лидерларга бириктирилиб, уларнинг даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилди.
Хотин-қизлар бандлигини маҳалланинг ўзида таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳарда «Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш» марказлари ташкил этилди. Дўстлик ва Ибратли маҳаллаларида тикувчилик ҳамда қандолатчилик марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу марказларда 20 нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, 74 нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди.
Тадбиркорликка қизиқиш билдирган хотин-қизларга бизнес ғоясини шакллантириш, фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, молиявий саводхонлигини ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Айниқса, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, тикувчилик, қандолатчилик ва хизмат кўрсатиш йўналишларидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Бу борада «Энг яхши ижтимоий лойиҳа» танлови ҳам муҳим майдон бўлди. Танловга 76 та ариза келиб тушиб, 11 нафар ғолиб аниқланди. Уларнинг 8 нафари хотин-қизлар бўлиб, фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун асбоб-ускуналар ҳамда хомашё харид қилишга маблағ ажратилди.

Амалга оширилган ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳам қамраб олмоқда. Жумладан, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 24 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Бугун бу рақамларнинг ҳар бири ортида ўзгарган бир тақдир бор. Кимдир касб эгаллади, кимдир ишли бўлди, яна кимдир тадбиркорликка қадам қўйди. Муҳими, хотин-қизларга кўрсатилаётган кўмак бир марталик ёрдам билан чекланиб қолмаяпти.
Аёлга касб ўргатиш — унинг қўлига имконият бериш. Уни иш билан таъминлаш — шу имкониятни даромадга айлантириш. Тадбиркорликка кўмаклашиш эса янги ташаббус ва янги иш ўринларига йўл очишдир.
Шу маънода, Гулистон шаҳрида хотин-қизлар билан ишлашда асосий эътибор «қанча нафар ўқитилди?» деган саволдан кўра, «қанча нафар аёл касби орқали ўз даромадига эга бўлди?» деган натижага қаратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, имкониятнинг ҳақиқий қиймати унинг натижасида намоён бўлади. Хотин-қизнинг касби, меҳнати ва ташаббуси эса нафақат унинг, балки оиласи ва маҳалласи фаровонлигига сабаб бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири