Ёшлар - коррупцияга қарши
Яқинда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ўтган йилги якунлар бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги ҳамда натижадорлигини баҳоловчи “Очиқлик индекси” эълон қилинди.
Ушбу йилги рейтингда жами 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти 84 та мезон ҳамда 8 та асосий индикатор асосида атрофлича таҳлил қилинди.

Якуний натижаларга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги мамлакатимиздаги юзга яқин давлат ташкилотлари орасида 91,6 балл тўплаб, “яшил” самарадорлик кўрсаткичини қайд этди.
Шунингдек, агентлик томонидан “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида чоп этилган навбатдаги муҳим асар “Коррупция: буни ҳамма билиши керак” китобининг таҳлилига бағишланган қизғин мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашув давомида китобнинг асосий ғоялари — коррупциянинг жамиятга салбий таъсири, шаффофлик ва хориж тажрибаси муҳокама қилинди. Шунингдек, мавзуга оид таъсирчан видеоролик намойиш этилиб, очиқ савол-жавоблар ўтказилди.

Якунда ўзининг дадил фикрлари ва ўткир саволлари билан ажралиб турган энг фаол ёшлар махсус совғалар билан рағбатлантирилди.

Бу натижалар агентлик фаолиятидаги шаффофлик, очиқлик ҳамда жамоатчилик билан доимий мулоқотнинг яққол амалий тасдиғи эканини кўрсатади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА