Ёшлар келажакни яратувчи кучдир
Тошкент давлат Аграр университетида ЎзЛиДеПнинг “Ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида навбатдаги очиқ мулоқот ва амалий муҳокама тадбири ташкил этилди.
Партия Тошкент вилоят Кенгашининг “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими” ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, фаол талабалар, ёш ташаббускорлар ҳамда стартап ғоялари устида иш олиб бораётган иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Мулоқотлар давомида талабалар томонидан AgrоTech & FoodTech — қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, EdTech — таълим, FinTech — молия, HealthTech — соғлиқни сақлаш, GreenTech & Climate — энергия самарадорлиги ва экологик ечимлар, TourismTech & Culture — туризм соҳаларига оид қатор инновацион стартап лойиҳалар тақдим этилди. Барча илгари сурилган ташаббуслар орасида сунъий интеллект асосида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар, рақамли таълим платформалари, фермерлар учун молиявий хизматларни енгиллаштирувчи мобил иловалар, экологик муаммоларга қаратилган “яшил” ечимлар ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи рақамли платформалар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари ҳар бир лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, стартапларни амалий қўллаб-қувватлаш, инвесторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларни бизнес муҳитига олиб кириш масалалари атрофлича муҳокама қилди. Университет профессори, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутати Сардор Авазов бугунги кунда дунёдаги энг катта бойлик табиий ресурслар эмас, балки ғоя ва инновация эканини таъкидлади.

Якунда ёшларнинг инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап ташаббусларини амалий лойиҳаларга айлантириш ва тадбиркорлик экотизимига интеграция қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
А. Мусаев, ЎзА.