Sirdaryo IESда янги инновацион марказ ишга тушди
“Issiqlik elektr stansiyalari” АЖ тизимидаги йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири — Sirdaryo IESда маҳаллийлаштириш ва инновацион ташаббусларни ривожлантиришга қаратилган янги марказ фаолияти йўлга қўйилди. Янги марказнинг очилиши корхонада инновацион ёндашувлар, маҳаллий ишлаб чиқариш ва техник ечимларни кенгайтиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Таъкидланишича, корхона сўнгги йилларда тизим доирасида янги лойиҳаларни амалга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини ошириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
2025 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида тизим корхоналарига қўшимча хизматлар кўрсатиш орқали 3 миллиард 69 миллион сўмлик ишлар бажарилди. Шунингдек, корхонанинг маҳаллийлаштириш ва конструкторлик бўлими томонидан 46 та йўналишда инновацион ва истиқболли лойиҳалар шакллантирилди.
2026 йил учун режалар ҳам кенг кўламли бўлиб, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3 миллиард 36 миллион сўмлик ишлар амалга оширилиши белгиланган. Ҳозирги кунга қадар мазкур режанинг 844 миллион сўмлик қисми бажарилган.
[gallery-29577]
Корхонада “Issiqlik elektr stansiyalari” АЖ Бошқаруви раиси ташаббуси асосида қатор устувор йўналишларда ишлар тизимли йўлга қўйилмоқда. Жумладан, градирня тизимлари учун ороситель ускуналарини маҳаллийлаштириш, пластиналарни ишлаб чиқариш ҳамда тизим корхоналарини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, экологик назоратни кучайтириш мақсадида автоматик мониторинг тизимлари (АСМ) ва экологик постларни 40 дан ортиқ объектда жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти билан ҳамкорликда кичик қувватли шамол электр станцияларини синовдан ўтказиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланган. Натижада қуввати 2 кВт бўлган кичик шамол электр станцияси ишга туширилди.
Шу билан бирга, мутахассислар томонидан ВГ-50 вентилятор ускунаси учун диффузор қисмини турли материаллардан тайёрлашнинг техник ва иқтисодий самарадорлиги ўрганилмоқда.
Корхонанинг марказий таъмирлаш устахонасида маҳаллийлаштириш дастури асосида янги ишлаб чиқариш йўналишлари ташкил этилиб, Хитой ва Россиядан келтирилган 61 та ускуна ўрнатилди. Бу эса 200 дан ортиқ маҳсулот турини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имконини бермоқда.
Келгусида марказда кадрлар тайёрлаш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда веб-дастурлаш, SMM, таргетинг ва савдо менежменти каби йўналишларда ўқув дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
– Корхонада қўшимча ишлаб чиқариш йўналишларини кенгайтириш, хизматлар кўламини ошириш ҳамда иқтисодий самарадорликни юксалтириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар қўшимча хизматлар ҳисобидан 3 миллиард сўмга яқин даромад олиш режалаштирилган, – дейди корхона вакили Абдулла Омонов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА