Ёшлар донорлик ҳаракатига қўшилди
Самарқанд вилоят қон қуйиш марказида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойиҳаси доирасида “Мен донорман” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Партия вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари, Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари ҳамда кўнгилли ёшлар қатнашди.

– Мазкур хайрия тадбиридан кўзланган асосий мақсад тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар, оғир операцияларни бошдан кечираётган фуқаролар ҳамда қон касалликларига чалинган болаларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Ҳиммат Оқбўтаев. – Қолаверса, бу орқали аҳолининг, айниқса, ёшларнинг донорлик маданиятини юксалтириш, инсонпарварлик ва саховат тамойилларини кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар вилоятимизда мазкур акция доирасида 400 нафарга яқин кўнгилли донорлар қон топшириб, юзлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшди.

Тадбир давомида ёшлар қон топшириш билан бирга донорликнинг инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятлари, турли юқумли касалликларнинг олдини олишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида мутахассислардан маълумотлар олди.
Ташкилотчилар донорлик акцияларини келгусида ҳам фаол давом эттиришларини қайд этиб, ёшлар ва кенг жамоатчиликни ушбу эзгу ташаббусга қўшилишга даъват қилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири