Ҳар бир мурожаат эътиборда
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ғ.Х. ўз хонадонига қуёш панелини ўрнатиш учун туман электр тармоқлари корхонасига ариза берган.
Аммо, корхона томонидан ўрнатишга қаршилик кўрсатиб келинган ва фуқаро Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.
Тўрткўл тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларининг аралашуви ва амалий ёрдами билан масала қисқа муддатда ўрганиб чиқилди. Жамият томонидан туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига хат йўлланиб, истеъмолчининг қонуний манфаати ҳимоя қилинди.

Амалий ўрганишлар натижасида электр тармоқлари корхонаси томонидан фуқарога қуёш панелини ўрнатишга рухсат берилгани маълум қилинди.
Яна бир ҳолатда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига Тўрткўл туманида жойлашган “S.T” дўконига нисбатан шикоят келиб тушди. Истеъмолчи сотиб олган музлаткичи ишдан чиқиб, кафолат муддати ичида ҳам таъмирлаш ишлари кечиктирилаётганидан норози бўлган.
Федерация мутахассислари томонидан ушбу масала “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ ўрганилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада музлаткич таъмирланиб, муаммо ўз ечимини топди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири