Ёш ходимлар хизматининг бош мезони
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий-ахлоқий камолотини юксалтириш ҳамда давлат хизматида ҳалоллик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг касбий маҳорати билан бир қаторда, уларнинг маънавий баркамоллиги, ватанпарварлик руҳи ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ёш ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви юқори савияда ташкил этилди. “Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида ўтказилган мазкур йирик маърифий тадбир “Ҳалоллик, шаффофлик ва юксак маънавият — хизмат мезони!” шиори остида ўтказилиб, унда ёш авлодни ҳалол меҳнат, юксак масъулият ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, ёшлар сиёсати соҳасида эришилган натижалар ҳамда ўз ҳаётини халқ осойишталиги ва юрт тинчлигига бағишлаган соҳа фидойилари ҳақида ҳикоя қилувчи “Орамиздаги қаҳрамонлар” номли махсус видеороликлар намойиш этилди. Ушбу лавҳалар йиғилганларда катта таассурот қолдириб, хизмат шарафи ва бурчининг нақадар улуғ эканини яна бир бор ёдга солди.

Шундан сўнг, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, ички ишлар органларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кадрлар салоҳиятини ошириш, маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва коррупсиянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш масалаларига алоҳида тўхталди. У ёш ходимлар фақатгина хизмат вазифасини бажарувчи эмас, балки юрт тинчлиги ва халқ ишончининг муносиб ҳимоячилари эканини таъкидлаб, уларни ҳалоллик, интизом ва фидойиликка чақирди.
Тадбирда иштирок этган Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи масъуллари ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган одилона ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи ва эътибори ҳар бир ички ишлар органи ходимидан хизмат бурчини виждонан бажариш, халқ манфаатларини устувор деб билиш ва юксак масъулият билан фаолият юритишни талаб қилишини алоҳида қайд этдилар.

Учрашувнинг энг таъсирли лаҳзалари эса хизмат фаолияти давомида кўп йиллик самарали меҳнат қилган фахрийлар, намунавий хизмат кўрсатаётган ёш ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналарини тақдирлаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига мувофиқ, бир қатор истеъфодаги фахрийларга “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ва эсдалик қўл соатлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан, хизмат вазифасига виждонан ёндашиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёш ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналари ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан муносиб рағбатлантирилди. Бу эътироф нафақат ходимларнинг, балки уларни тарбиялаган ота-оналарнинг ҳам меҳнати ва ҳиссасига берилган юксак баҳо сифатида эътироф этилди.

Тадбир давомида соҳада узоқ йиллар хизмат қилган фахрийлар ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга ҳалоллик, ватанпарварлик, касбга садоқат ва халқ ишончига муносиб бўлиш ҳақида самимий маслаҳатлар беришди. Улар айтган ибратли фикрлар ёш авлод учун ҳаётий дастуриламалга айланиши, шубҳасиз.
Бу каби учрашувлар ёш ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш билан бирга, уларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, коррупсияга қарши муросасиз дунёқарашни шакллантириш, жамоада соғлом муҳитни қарор топтириш ва хизматга бўлган садоқатини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, бу тадбир яна бир ҳақиқатни намоён этди: юксак маънавият, ҳалоллик, шаффофлик ва Ватанга садоқат устувор бўлган жойда халқ ишончи мустаҳкамланади, давлат хизмати эса янада шарафли ва самарали бўлади. Бугун рағбатлантирилган ёшлар эртанги куннинг етук раҳбарлари, халқ тинчлиги ва юрт осойишталигининг ишончли посбонларидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири