Цемент етказиб беришдаги камчиликлар Апелляция кенгашида ҳам тасдиқланди
Рақобат қоидаларига риоя қилиш бозордаги ҳар бир иштирокчидан шартнома мажбуриятларини ҳам ўз вақтида бажаришни талаб этади.
Биржа савдоларида харидорга маҳсулотни белгиланган муддатда етказиб бериш ҳам ана шу талабларнинг бири. «Оҳангаронцемент» АЖ фаолиятида аниқланган ҳолат юзасидан қабул қилинган қарор эса Апелляция кенгашида ҳам ўзгаришсиз қолди.
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига «SARKOR-ISHONCH-777» МЧЖ ҳамда «EAST» МЧЖдан «Оҳангаронцемент» АЖнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушган.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, 2025 йил ноябрь–декабрь ойларида тузилган шартномаларга мувофиқ, «Оҳангаронцемент» АЖ харидорларга цемент маҳсулотларини белгиланган муддатларда етказиб бериш мажбуриятини олган. Бироқ, маҳсулотларни шартномаларда белгиланган муддатларда юклаб жўнатиш таъминланмаган. Натижада биржа савдолари бўйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик ҳолатлари юзага келган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани аниқланган. Ушбу модда биржа савдоларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлайди.
Шундан сўнг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан «Оҳангаронцемент» АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Корхона ҳудудий бошқарманинг ушбу қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб, Апелляция кенгашига шикоят киритган. Бироқ шикоят кенгаш томонидан кўриб чиқилиб, ҳудудий бошқарманинг «Оҳангаронцемент» АЖга нисбатан қабул қилган қарори ҳамда кўрсатмаси ўз кучида қолдирилган.
Н.Раҳмонова,
ЎзА