Ёш шахматчиларимиз рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида пешқадамлар қаторида
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
50 га яқин мамлакатнинг энг маҳоратли шахматчи ёшлари иштирок этаётган дунё биринчилигининг “Open” бўлимида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов, Музаффаржон Абдурасулов ва Усмонхон Тоҳиржонов, аёллар бўлимида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова ва Нилуфархон Имомқўзиева ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Чемпионат дастурига биноан 2–4 ноябрь кунлари 9 та турдан иборат рапид мусобақалари ташкил этилса, 5–6 ноябрь кунлари 13 та турни қамраб оладиган блиц ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча жаҳон чемпионати рапид йўналишининг дастлабки 1-3 тур ўйинлари ўтказилиб, “Open” бўлимида дона сураётган ҳамюртларимиздан Ҳумоюн Бекмуратов 91 нафар иштирокчи орасида 2 та ғалаба, 1 та дуранг қайд этган ҳолатда 2,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Шунингдек, ҳамюртларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров 2, Музаффаржон Абдурасулов ва Усмонхон Тоҳиржонов 1 очко билан чемпионатдаги иштирокини давом эттирмоқда.
Рапид мусобақаларининг аёллар бўлимида иштирок этаётган шахматчи қизларимиздан Умида Омонова 3 та тур якунларига кўра, 3 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда. Афруза Ҳамдамова ва Нилуфархон Имомқўзиева эса 2 очко билан 42 нафар қатнашчи орасида кучли ўнликда ҳаракатланмоқда.
Бугун, 3 ноябрь куни жаҳон чемпионатининг 4-6 тур ўйинлари ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА