Президент олимпиадаси: бугун еттита спорт турида совриндорлар аниқланади
Бугун, 3 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ҳамда Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида давом этаётган Президент олимпиадасининг саккизинчи мусобақалар кунида еттита спорт турида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Ортда қолган еттинчи кунги баҳслар давомида бир қатор йўналишларда, жумладан гандбол, эркин кураш, аёллар кураши, теннис ва пара сузиш мусобақаларида совриндорлар аниқланди.

Гандболнинг йигит жамоалари ўртасидаги учрашувлар сарҳисобига кўра, Хоразм жамоаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилояти жамоалари кейинги ўринларни эгаллади.
Гандболчи қизлар ўртасида кечган уч кунлик ўйинлар натижасида Сурхондарё, Наманган, Навоий вилояти вакиллари совриндорликни қўлга киритди.

Эркин кураш мусобақаларида Отабек Тўхтамуродов (Сурхондарё), Отабек Бобоёров (Жиззах), Абдухолиқ Иқболжонов (Сирдарё), Нурбек Баҳриддинов (Бухоро), Диёрбек Шарипов (Самарқанд), аёллар курашида Одина Ҳамиджонова (Жиззах), Шаҳриноз Шарифова (Бухоро) “Президент олимпиадаси”нинг ғолибларига айланишди.
Пара сузишнинг бир қатор йўналишларида ташкил этилган мусобақалар матонат ва ирода тимсоли бўлган ёшлар учун чинакам спорт байрами кўринишини олиш билан бирга уларни янги ютуқлар сари илҳомлантирди.
Ўтказилган мусобақаларда Асилбек Байкелдиев (Сурхондарё), Умиджон Худойназаров (Сурхондарё), Нурмуҳаммад Тоҳиров (Тошкент шаҳри), Қудратжон Нуруллаев (Навоий), Ҳикматулло Ҳайдаралиев (Андижон), Аллаяр Толиббаев (Қорақалпоғистон Республикаси), Қудратилла Солиев (Тошкент шаҳри), Алишер Баҳодиров (Хоразм), Сабина Сувонова (Навоий), Мунисахон Одилова (Андижон), Шаҳноза Ережепбаева (Қорақалпоғистон Республикаси), Гулноза Атаназарова (Хоразм), Асал Муратбаева (Қорақалпоғистон Республикаси), Нафиса Сатторова (Тошкент вилояти) Чаросхон Ҳошимова (Андижон) олтин медалларга эга чиқди.
Бугунгача “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг 124 та медаллар жамланмаси, умумий ҳисобда 433 та медаль ўз эгаларига топширилди.

Самарқанд вилояти жамоаси 18 та олтин, 13 та кумуш ва 12 та бронза медали билан умумжамоада етакчилик қилмоқда. 2-ўринни банд этган Хоразм вилояти вакиллари ҳисобида 17 та олтин, 10 та кумуш, 17 та бронза медали мавжуд. Қашқадарё вилояти ёш спортчилари 13 та олтин, 19 та кумуш ва 17 та бронза медали билан кучли учликка якун ясаган.
Мусобақалар 8 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА