Ёш ихтирочидан сувни тежаш ечими (+видео)
Янги лойиҳа
"Ғоядан ихтирога" лойиҳаси доирасида Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Баҳодир Қодиров ўзининг илмий тадқиқоти ҳақида гапириб берди. У бугунги кунда долзарб бўлиб бораётган муаммо — сув танқислиги ва унинг ечимларига алоҳида тўхталди.
Баҳодир Қодиров томонидан яратилган “Ёмғир қутиси" - ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган.
Таъкидланишича, илгари ёмғир сувлари деярли бекорга оқиб кетар, улардан етарлича фойдаланилмас эди. Ҳолбуки, бу табиий ресурсдан оқилона фойдаланиш орқали сувга бўлган эҳтиёжни қисман қоплаш мумкин.
Ёмғир сувлари махсус тизимлар орқали йиғиб олинади ва кейинги ёмғир мавсумигача сақланади. Ушбу сувлар эса қишлоқ хўжалигида, айниқса, ўсимликларни суғоришда қўлланилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири, бу жараённинг автоматлаштирилгани. Яъни, ер намлиги 30 фоиздан пасайганда автоматик равишда томчилатиб суғориш тизими ишга тушади. Агар намлик 80 фоиздан юқори бўлса, тизим автоматик тарзда тўхтайди. Бу эса сув тежалиши ва ўсимликларнинг ортиқча намланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Муаллифнинг таъкидлашича, ёмғир сувларидаги табиий моддалар ва фойдали элементлар туфайли ўсимликлар унумдорлиги тахминан 30 фоизгача ошиши мумкин. Шунингдек, замонавий томчилатиб суғориш технологиялари орқали умумий ҳосилдорликни янада кўпайтириш имкони мавжуд.
Мазкур қурилма нафақат сув ресурсларини тежаш, балки қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга хизмат қиладиган замонавий ва долзарб ечим ҳисобланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bLogJii5_fk" title="Yosh ixtirochidan suvni tejash yechimi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Ҳ.Баёнов (видео), С.Обиджонов (монтаж), ЎзА