Бош қомусимиз ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётидаги ишончли таянчи
Инсоннинг меҳнат қилиш, таълим олиш, мулкка эгалик қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқлари Конституция билан кафолатланган.
Бу ҳуқуқларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан асоссиз чекланмаслиги, қонун устуворлигининг таъминланиши эса ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидир.
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан «Ўзатом» агентлигининг юридик бўлими бош юрисконсульти Бекзод Ортиқов Бош қомусимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ҳаётини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳамда ҳуқуқий давлатни шакллантиришдаги аҳамиятига тўхталиб ўтди.
— Конституция нафақат давлат ва жамият ҳаётининг асосий ҳуқуқий ҳужжати, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг, қонун устуворлигининг ҳамда ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим кафолатидир. Унинг ҳақиқий аҳамияти эса белгиланган қоидаларнинг ҳаётда қай даражада амал қилиши билан ўлчанади.
Ҳуқуқий давлатда давлат ҳокимияти қонун билан чекланган бўлади. Яъни давлат органлари ва мансабдор шахслар ўз ваколатларини фақат Конституция ва қонунларда белгиланган доирада амалга ошириши шарт. Бунда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади.
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлатчиликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган биринчи Конституция мустақил давлатнинг ҳуқуқий пойдеворини шакллантирди. Кейинги йилларда жамият ва давлат бошқарувида юз берган ўзгаришлар конституциявий нормаларни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Шу боис 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинди.
Унда «Инсон — жамият — давлат» тамойили асосий ғоя сифатида белгиланди. Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилинди. Айниқса, ижтимоий давлат тамойили таълим, тиббиёт, ижтимоий таъминот, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида давлатнинг масъулиятини конституциявий даражада мустаҳкамлади.
Янги таҳрирда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим кафолатлар ҳам кучайтирилди. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, қонунчиликдаги зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши, давлат органлари қўллайдиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиб бўлиши белгиланди.
Конституцияда хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик эркинлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мулкдор ўз мол-мулкидан фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда, суд қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Турар жойдан маҳрум қилишда эса қонунда белгиланган ҳолларда унинг қиймати ва етказилган зарар олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланган. Бу нормалар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Конституциявий кафолатларнинг амалий аҳамияти инсоннинг кундалик ҳаётида ҳам намоён бўлади. Масалан, шахснинг эркинлиги ва дахлсизлиги кафолатланган бўлиб, суд қарорисиз уни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас. Шунингдек, ҳар бир инсон фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Бундай кафолатларнинг самарали ишлаши учун суд ҳокимияти мустақиллиги ҳам муҳим. Фуқаролар ҳуқуқлари бузилганда уларни тиклаш имкониятига эга бўлиши, судлар эса низоларни холис ва қонун асосида кўриб чиқиши лозим. Конституциявий суд фаолияти ҳам конституциявий қонунийликни таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Хусусан, фуқаролар ва юридик шахслар суд ҳимоясининг барча воситаларидан фойдаланиб бўлганидан кейин муайян ишда ўзларига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш юзасидан конституциявий шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳуқуқий давлатни шакллантиришда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, ҳуқуқлари бузилганда қонуний ҳимоя механизмларидан фойдаланиши, шунингдек, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши керак. Айниқса, ёшлар ўртасида конституциявий саводхонликни ошириш ва ишончли ҳуқуқий ахборот манбаларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш долзарбдир. Бунда «Lex.uz» портали, шунингдек, Конституциявий суд ва ваколатли давлат органларининг расмий манбалари муҳим аҳамиятга эга.
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Бу сана нафақат тарихий воқеани ёдга олиш, балки Конституцияда белгиланган тамойилларнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини яна бир бор англаш учун ҳам муҳимдир.
Зеро, Конституциянинг асосий мақсади давлат ҳокимиятини мустаҳкамлашдан кўра, инсонни ҳимоя қилиш, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш орқали адолатли жамият барпо этишдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.