Ёш дзюдочиларимиз Берлин турнирида муваффақиятли қатнашмоқда
Германиянинг Берлин шаҳрида ўсмирлар ўртасида 35 та давлатнинг 800 нафарга яқин дзюдочилари иштирокида ўтказилаётган “Berlin Millennium Team Cadet European Cup 2026” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умум жамоада етакчилик қилмоқда.
Халқаро турнирнинг илк кунида ўсмир дзюдочиларимизнинг 10 нафари баҳсларга киришган бўлса, якунда 8 нафари совринли ўринларни қўлга киритди. Беллашувлар давомида дзюдочиларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига эгалик қилди.

Маҳоратли дзюдочи ёшларимиз Чарос Ҳикматова ва Абубакр Сатторов ўз вазн тоифаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Улар шарафига Германия спорт мажмуасида Ўзбекистон давлат мадҳияси янграб, хур байроғимиз сарбаланд бўлди.
Кечаги кунги беллашувларни бевосита аренадан Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов кузатиб борди. Бу, спортчиларимизга руҳий қўллов бағишлади.

Бугун, 26 апрель куни Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги нуфузли халқаро турнирнинг иккинчи кунги баҳсларида 7 нафар ёш дзюдочимиз медаллар учун курашга киришади.
Т. Рўзиев, ЎзА