Академик эшкак эшувчилармиз халқаро регатада совриндор бўлди
Италиянинг Пьедилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилаётган “Memorial Paolo d'Aloja International Regatta” мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, мусобақанинг M2 таснифида ўтган беллашувларда Шаҳриёр Ғайбуллоев ва Атҳам Иброҳимов дуэти барча рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди. W2 таснифида эса Айдана Сметуллаева ҳамда Райҳона Саттарова тандеми финалда муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, M2 йўналишида Хусан Худойбердиев ва Меҳрож Исроилов, M2x баҳсларида эса Лазиз Қўчқоров ва Умарали Абдуллаев жуфтликлари бронза медаль соҳибига айланди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик эшкак эшувчилар нуфузли халқаро регатада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижаларни қайд этди. Мусобақа доирасидаги баҳслар юқори рақобат ва кескин курашлар остида давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА