“Ёш божхоначилар” учун унутилмас саёҳат
Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳридаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳамкорлигида ёш авлоднинг касбга қизиқишини ошириш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маърифий тадбир ташкил этилди. Унинг доирасида мактабнинг 8-синф ўқувчилари учун “Бухоро аэропорти” чегара божхона постига қизиқарли ва мазмунли экскурсия уюштирилди.
Мазкур ташаббус “Ёш божхоначи” тўгараги тингловчилари бўлган ўқувчиларнинг қизиқиши ва таклифлари асосида ташкил этилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Экскурсия давомида ўқувчилар божхона хизмати фаолияти, давлат чегараларида хавфсизликни таъминлаш жараёнлари ҳамда йўловчилар ва юкларни назорат қилиш тартиблари билан яқиндан танишишди.

Айниқса, ўқувчилар божхона назорати пунктларида амалга ошириладиган текширув ва расмийлаштириш жараёнларини бевосита кузатиб, соҳанинг масъулиятли ва мураккаб жиҳатлари ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлишди. Уларда божхоначи касбига нисбатан қизиқиш ва ҳурмат туйғуси янада ортди.

Тадбир давомида ёшларнинг соҳа ҳақидаги билимларини бойитиш мақсадида кинология хизмати ходимлари иштирокида махсус кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Хизмат итларининг қидирув ва назорат жараёнларидаги иштироки ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда жанговар ўқотар қуролларни қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш жараёни ҳам амалий тарзда кўрсатиб берилди.

Экскурсия давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири