Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 32,5 мингдан ортиқ қонунбузилиш қайд этилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи шу йил апрель ойида Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида бўлиб, Кадастр агентлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларни ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганди.
Ўрганиш давомида Кадастр агентлиги тизимида коррупциянинг олдини олиш ва инсон омилини камайтириш борасида муайян ишлар олиб борилгани, жумладан, ички комплаенс тизими йўлга қўйилгани маълум бўлди. Хизматларнинг бир қисми электрон шаклга ўтказилган. Бу эса соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омилдир.

Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан мазкур ўрганиш якунларига бағишланган эшитув ўтказилди. Унда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда коррупцион хавф-хатарларни камайтириш борасидаги ишлар самарадорлиги таҳлил қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳада қатор ижобий ишлар билан бирга, тизимда айрим муаммо ва камчиликлар мавжуд. Тизим ходимлари томонидан фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёнида асоссиз рад этиш ва муддатларни бузиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, 2025 йилда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 32 минг 544 та қонунбузилиш ҳолати қайд этилган.

Эшитув давомида Кадастр агентлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар батафсил муҳокама қилиниб, соҳада натижадорликни таъминлаш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА