Ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди
Инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш жамиятда қонунийлик ва адолатни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Айниқса, эркинлиги чекланган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши, улар учун муносиб яшаш шароитлари яратилиши ҳамда шафқатсиз муомаланинг олдини олиш доимий эътибор ва самарали назоратни талаб қилади.
Ана шу мақсадда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигида Омбудсман Девони ходимлари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Бухоро вилоятидаги бир қатор ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширди.
Мониторингда Қоровулбозор туманидаги 17-сон, Когон туманидаги 1-сон жазони ижро этиш колониялари ҳамда Бухоро шаҳридаги 4-сон тергов ҳибсхонасидаги шароитлар атрофлича ўрганилди.
Ташрифлар давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, сақлаш камералари ва тиббиёт хоналарининг ҳолати, видеокузатув тизимларининг ишлаши ҳамда шахсларни кўрикдан ўтказиш тартиблари ўрганилди.

Зеро, инсоннинг эркинлиги чеклангани унинг бошқа ҳуқуқлари ва қадр-қимматига бўлган эътибор сусайиши мумкинлигини англатмайди. Аксинча, бундай муассасаларда ҳар бир шахсга нисбатан қонуний, инсонпарвар ва ҳурматга асосланган муносабатни таъминлаш, унинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигини муҳофаза қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, мониторинг тадбирлари нафақат мавжуд шароитларни баҳолаш, балки эҳтимолий қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаш, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Мониторинг жараёнида муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди. Шунингдек, сақланаётган шахслар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилди. Бундай мулоқотларнинг аҳамияти шундаки, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши фақат ҳужжатлар ёки белгиланган тартиб-таомиллар билан эмас, балки шахсларнинг реал шароити, мурожаатларига муносабат ва муаммоларнинг амалда ҳал этилиши билан ҳам баҳоланади. Шу боис келиб тушган мурожаатларни холисона ўрганиш, ҳар бир масалага қонунчилик талаблари асосида ёндашиш ва зарур чораларни кўриш муҳимдир.

Мониторинг ташрифлари якунида ўрганиш натижалари асосида таҳлилий маълумотлар тайёрланади. Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тегишли таъсир чоралари киритилади. Энг муҳими, мониторинг самараси фақат камчиликларни қайд этиш билан эмас, балки уларни бартараф этиш, такрорланишининг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалий натижалар билан белгиланади.
Чунки ҳуқуқий давлатда инсон қадри ҳар қандай шароитда устувор бўлиши, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши шарт. Бухоро вилоятида ўтказилган мониторинг тадбирлари ҳам ёпиқ муассасаларда қонунийликни таъминлаш, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги назорат механизмларининг муҳимлигини яна бир бор намоён этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири