Дори воситалари хавфсизлигини таъминлашда халқаро тажриба қўлланилади
Фармацевтика маҳсулотларини тартибга солиш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш йўлида навбатдаги муҳим қадам қўйилмоқда. Гап шундаки, халқаро эксперт Драгош Гуцу икки нафар халқаро ҳамкасби билан юртимизга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази раҳбарияти билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Драгош Гуцу 2026 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги тегишли фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказ фаолиятини такомиллаштириш жараёнига жалб этилган эди.
Учрашувда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Global Benchmarking Tool (GBT) баҳолаш воситаси талабларига мувофиқ миллий регулятор тизимни ривожлантириш ва 2028 йилга қадар ЖССТнинг учинчи етуклик даражаси — ML3 га эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Драгош Гуцу бошчилигидаги уч нафар халқаро эксперт Марказнинг тегишли таркибий бўлинмалари билан бевосита ҳамкорликда иш олиб боради. Улар мавжуд жараёнларни таҳлил қилиш, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда маҳаллий мутахассислар билан тажриба алмашишга кўмаклашади.
Халқаро экспертлар билан ҳамкорлик дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасидаги регулятор салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.
М.Қосимова,
ЎзА