Yonhap: Жанубий Корея ва Марказий Осиё ҳамкорлиги кенгаймоқда
Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида саноат ва савдо соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга бағишланган вазирлар даражасидаги учрашув бўлиб ўтди.
Сеулда ўтказилган ушбу тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этиб, муҳим фойдали қазилмалар ва маҳсулот етказиб бериш занжирини мустаҳкамлаш истиқболи муҳокама қилинди.
Жанубий Корея Саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, томонлар жаҳон савдо тизимидаги ўзгариш ва геосиёсий шароитга мослашган ҳолда, ўзаро шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олган.
Учрашувда саноат ҳудуди, ақлли инфратузилма лойиҳаси ва заводларни модернизация қилишда Жанубий Корея иштирокини кенгайтиришга ҳам келишилган. Бундан ташқари Марказий Осиёдаги бой табиий ресурсларни Сеул юқори технологияси билан интеграция қилиш орқали хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган занжирни биргаликда мустаҳкамлаш назарда тутилган. Шунга мувофиқ, Жанубий Корея томони минтақадаги ишлаб чиқариш корхоналарига рақамли ва ақлли технологияни жорий этишга кўмаклашади ҳамда ёш мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўяди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА