“Йил ўқитувчиси” танлови: икки педагогнинг натижаси тенг келиб қолса, ғолиб қандай аниқланади?
“Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқичи якунланиб, натижалар Ташкилий қўмита томонидан муҳокама қилинди.
Ҳар бир босқич якунлари умумлаштирилганда айрим педагогларнинг тўплаган баллари тенг келиб қолгани сабабли ғолибни аниқлаш учун қўшимча синов ўтказишга қарор қилинди.
Муҳокамалар давомида баллари тенг бўлган педагоглар ўртасида мутахассислик фани бўйича тест синови ўтказилиши белгиланди.
Бу борада мактабгача ва мактаб таълими вазирининг “Йил ўқитувчиси” танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита қарори ижроси тўғрисида”ги 2026 йил 28 августдаги тегишли буйруғи билан тегишли вазифалар белгиланди.
Хусусан, Педагог кадрларга малака тоифаларини бериш жараёнини ташкил этиш ва касбий сертификатлаш бошқармаси ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказига алоҳида топшириқлар берилди.
Эътиборлиси, танловнинг ҳар бир босқичида эришган натижалари тенг келиб қолган Сариосиё туманидаги икки нафар педагог ўртасида ғолибни аниқлаш учун қўшимча синов ўтказилади.
Белгиланган тартибга кўра, мазкур икки педагог 11 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида мутахассислик фани бўйича қўшимча тест синовида иштирок этади.
Шу тариқа, “Йил ўқитувчиси” танловида натижалари тенг келган икки педагогдан қай бири юқори натижа қайд этиши қўшимча синовдан сўнг маълум бўлади. Энг муҳими, бу синов педагогларнинг касбий билими ва мутахассислик бўйича тайёргарлигини яна бир бор баҳолаш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА