Бир ойда Президент Халқ қабулхоналарига 76 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди
Бола нафақаси, алимент ва газ баллонлари билан боғлиқ масалалар фуқаролар мурожаатларида етакчилик қилди.
Фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни қонуний ҳал этиш ва аҳоли билан мулоқотни кучайтиришда Президент Халқ қабулхоналари муҳим майдонга айланмоқда. 2026 йил август ойида мазкур тизим орқали аҳолидан 76 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Президент Халқ қабулхонаси тизимида август ойида 76 196 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларда жами 83 019 та масала кўтарилган. Мурожаатларнинг 11 114 таси такрорий, 1 593 таси эса жамоавий тусда бўлган.
Таҳлиллар аҳолини, аввало, ижтимоий ҳимоя, оилавий муносабатлар ва коммунал хизматлар билан боғлиқ масалалар ташвишга солаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, август ойида энг кўп мурожаат бола нафақаси бўйича — 4 833 та қайд этилган. Кейинги ўринларда алимент масаласи — 4 658 та, газ баллонлари билан боғлиқ мурожаатлар — 2 475 тани ташкил этган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларга оид 1 826 та, бир марталик моддий ёрдам бўйича 1 765 та, суриштирув ва тергов масалалари юзасидан 1 709 та мурожаат келиб тушган.
Аҳоли учун иш билан таъминланиш ҳам долзарб масалалардан бири бўлган. Бу йўналишда 1 657 та мурожаат қайд этилган. Уй-жойни таъмирлашга моддий ёрдам сўраб 1 548 та, ички йўлларни таъмирлаш бўйича 1 528 та, ижро ҳужжатларига оид эса 1 234 та мурожаат келиб тушган.
Ташкилотлар кесимида мурожаатлар сони бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги биринчи ўринни эгаллаган — 12 097 та. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига 8 258 та, Мажбурий ижро бюросига 7 966 та, Энергетика вазирлигига 6 551 та, Бош прокуратурага 5 498 та мурожаат юборилган. Бандлик вазирлигига 4 272 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 3 934 та, Олий судга 3 070 та, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 2 916 та ҳамда Марказий банкка 2 615 та мурожаат келиб тушган.
Август ойида шошилинч тартибда кўриб чиқишни талаб этган мурожаатлар ҳам қайд этилди. Уларнинг 638 таси электр таъминотидаги узилишлар, 551 таси ичимлик суви, 67 таси эса тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ бўлган. Аҳоли билан бевосита мулоқот шаклларидан бири бўлган шахсий қабуллар бўйича август ойида 5 666 та қабул ўтказилиши режалаштирилган. Амалда эса 4 666 та шахсий қабул ўтказилган.
Ўтказилмаган шахсий қабуллар сони Тошкент вилоятида 148 та, Фарғона вилоятида 137 та ва Тошкент шаҳрида 134 тани ташкил этган. Шунингдек, август ойида 4 495 та сайёр қабул ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 4 327 таси амалда ташкил этилган. Сайёр қабулларни ўтказмаган ташкилотлар орасида электр тармоқлари корхоналарида 39 та, ободонлаштириш бошқармаларида 36 та ва маҳаллалар бўлимларида 31 та ҳолат қайд этилган. Умуман, август ойидаги мурожаатлар статистикаси аҳолини ижтимоий нафақалар, алимент, бандлик, коммунал хизматлар, уй-жой ва ҳуқуқий масалалар кўпроқ ўйлантираётганини кўрсатмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА