Йил бўйи қилинган меҳнат самараси: пахтадан юқори ҳосил олиш учун муҳим тавсиялар
Пахта далаларида йил давомида олиб борилган агротехник тадбирлар натижасида етарлича ҳосил яратилди. Энди асосий вазифа — уни тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида йиғиб-териб олиш. Бунинг учун терим жараёнини агротехник талаблар асосида ташкил этиш, шошқалоқликка йўл қўймаслик муҳим.
Пахтачиликда йиллик меҳнат самараси, аввало, ҳосилни етиштириш билан белгиланса, уни сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Шу боис айни мавсумда фермер хўжаликлари ва кластерлар олдида турган асосий вазифа — далаларни теримга пухта тайёрлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишдир.
Туман фермерлари кенгаши фермер хўжаликлари раҳбарларига мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши тавсияларига амал қилиш муҳимлигини таъкидламоқда.
Айниқса, ҳали тўлиқ етилмаган, вазн тўплаш жараёнида бўлган пахтани шошилиб териб олишга йўл қўймаслик зарур. Чунки теримни эрта бошлаш йил давомида қилинган меҳнат самарасига салбий таъсир кўрсатиши, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати пасайишига олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўзада яшил барглар ва етилаётган кўсаклар мавжуд бўлса, дала ҳали теримга тўлиқ тайёр бўлмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун дефолиация ва десикация тадбирларини агротехник талаблар асосида, ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга.
Тўғри агротехнологияга амал қилиш орқали пахта далаларидан қўшимча ҳосил олиш имконияти мавжуд. Хусусан, мутахассислар тавсияларига кўра, агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш гектаридан қўшимча 10–20 центнергача пахта олиш имконини бериши мумкин. Бу эса режалаштирилган 50–60 центнер ҳосил ўрнига 70–80 центнергача ҳосил олиш учун замин яратади.
Теримга тайёр далани суғориш тавсия этилмайди
Дефолиация ва десикация тадбирларидан кейин пахтанинг вазнини ошириш мақсадида далаларни суғориш нотўғри ёндашув ҳисобланади.
Бундай ҳолат ғўзанинг қайта кўкариши, янги барглар чиқариши ва ҳосилнинг етилиш жараёни кечикишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис теримга тайёрланган далаларда агротехник талабларга қатъий риоя қилиш лозим.
Фермер хўжаликлари раҳбарлари, аввало, далаларнинг ҳолатини тўғри баҳолаши, ҳосил тўлиқ етилмасдан теримга шошилмаслиги ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиши керак.
Пахтачиликда ҳар бир гектар, ҳар бир кўсак ва ҳар бир центнер ҳосил ортида бир йиллик меҳнат мужассам. Шунинг учун мўл ҳосил нафақат уни етиштириш, балки ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш билан ҳам таъминланади.
Теримга тайёргарлик — муҳим босқич
Мавсумни самарали ташкил этиш учун фермер хўжаликлари раҳбарларига қатор муҳим тавсиялар берилмоқда.
Аввало, пахта далаларини яна бир бор кўздан кечириб, ҳосилнинг тўлиқ пишиб етилишига ишонч ҳосил қилиш зарур. Дефолиация ва десикация тадбирлари талаб даражасида ўтказилиши, десикациядан кейин далалар асоссиз суғорилмаслиги керак.
Шунингдек, ҳосил тўлиқ етилмасдан ва зарур агротехник тадбирлар якунланмасдан теримни бошлаш мақсадга мувофиқ эмас. Ғўзапояси ҳали тўлиқ қуримаган, ўсимликда яшил барглар мавжуд бўлган далаларни теримга туширишга йўл қўймаслик лозим.
Машина теримига мўлжалланган майдонларни ҳам олдиндан тайёрлаш, пахта териш техникаларининг самарали ишлаши учун зарур шароитларни яратиш муҳим.
Терим жараёнида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий амал қилиш, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик ҳам асосий вазифалардан биридир.
Фермер манфаати — эътиборда
Пахта хомашёсини қабул қилиш жараёнида нохолис муносабатга йўл қўйилиши ёки асоссиз чегирмалар қўлланилиши ҳолатларида фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам эътибордан четда қолмайди.
Туман фермерлари кенгаши мутахассислари бундай ҳолатлар бўйича фермерларнинг мурожаатларини тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр.
Айни пайтда энг муҳим вазифа — пахта терими мавсумини юқори уюшқоқлик билан ўтказиш, йил давомида қилинган машаққатли меҳнат самарасини асраш ва ҳар бир гектардан имкони борича юқори ҳосил олишдир.
Зеро, пахтачиликда юқори натижага эришиш нафақат мўл ҳосил етиштириш, балки уни тўлиқ пишириб, ўз вақтида ва сифатли йиғиб олишни ҳам тақозо этади.
Туман фермерлари кенгаши барча фермер хўжаликлари раҳбарларини мавсумни масъулият ва уюшқоқлик билан ўтказишга, агротехник талабларга тўлиқ амал қилишга ҳамда йиллик меҳнат самарасини асрашга чақиради.
Ҳосилингиз мўл, хирмонингиз баракали бўлсин!
ЎзА