Болажонлар учун яна бир замонавий маскан
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 120 ўринга мўлжалланган 12-сонли “Нафосат” давлат мактабгача таълим ташкилоти замонавий талаблар асосида таъмирланиб, кичкинтойлар учун муносиб таълим ва тарбия масканига айлантирилди.
Масканнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, мактабгача таълимни янги босқичга олиб чиқиш, болалар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини, болаларнинг илк таълим ва тарбияси унинг кейинги ҳаёти, дунёқараши ва салоҳияти шаклланишида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.




Лойиҳани амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 2 миллиард 50 миллион сўм маблағ йўналтирилди. “Баҳора Қурилиш Келажаги” МЧЖ томонидан амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида муассаса замонавий қиёфа касб этди.
Энг муҳими, бундай муассасалар сони ва сифати ортиб бориши билан ҳудудларда мактабгача таълим қамрови кенгайиб, ота-оналар учун қулайликлар яратилмоқда. Болалар эса замонавий шароитларда билим олиш, тарбияланиш, ўз иқтидор ва истеъдодларини эркин намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири