“Yetakchi Camp” лойиҳасининг саккизинчи мавсуми якунланди
Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафар ёшлар етакчиси иштирокида “Yetakchi Camp” лойиҳасининг 8-мавсуми ташкил этилди.
“Yetakchi Camp” лойиҳаси Ўзбекистондаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларининг касбий малакасини, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва шахсий ривожланишини таъминлашга қаратилган йирик республика ўқув-семинари.

Бугунги кунда мамлакатимизда маҳалла даражасида ёшлар билан ишлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва муаммоларига ечим топиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу тизимнинг бош ҳаракатлантирувчи кучи эса, шубҳасиз, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларидир. Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этиб келинаётган ушбу беш кунлик интенсив лойиҳа нафақат тажриба алмашиш майдони, балки янги авлод раҳбарларини тарбиялаётган ўзига хос маҳорат мактабига айланиб улгурди.

Дастур доирасида семинар-тренинглар, мотивацион учрашувлар, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилди. Амалий машғулотлар орқали иштирокчиларнинг лидерлик, бошқарув, жамоада ишлаш ва самарали мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Абдулазиз Мўминов билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ёшлар етакчиларининг таклиф ва ташаббуслари ҳамда келгусидаги режалари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА