Урганчда ўтказилган семинар нейрожарроҳликнинг долзарб муаммоларига бағишланди
Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида нейрожарроҳ мутахассислар учун "Нейрохирургиянинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечими" мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази болалар нейрохирургияси бўлими раҳбари, профессор Маҳмуд Аҳмедиев ҳамда марказ бош шифокори Содиқжон Содиқов сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳамда замонавий тиббиётдаги сўнгги ўзгаришлар ва ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.


– Нейрохирургия соҳасида замонавий ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш, ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда малакали мутахассислар ўртасида тажриба алмашишнинг аҳамияти жуда катта, – дейди профессор Маҳмуд Аҳмедиев. Бугунги семинарда бош мия қон-томир касалликлари, умуртқа поғонасининг дегенератив касалликлари, орқа мия ўсмалари ҳамда болалар нейрохирургиясида учрайдиган патологияларнинг замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари ҳақида суҳбатлашдик.

Семинар доирасида соҳанинг етакчи мутахассислари ва олимлари томонидан долзарб мавзулардаги маърузалар ҳамда мураккаб клиник ҳолатлар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида соҳадаги долзарб муаммолар муҳокама қилиниб, илғор клиник тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири