Яхши китоблар тезроқ ўз ўқувчисининг қўлига етиб борсин!
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китоб карвони” лойиҳаси доирасида “Буюклар ҳақида 100 далил” ва “Темурбек” китобларини мактаблар, маҳаллалар ҳамда вазирлик-идораларга топшириш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар халқимиз, айниқса, ёшларни яхши ва бадиий баркамол китобларга ошно этишда ижодкор зиёлилар, маънавият тарғиботчилари зиммасидаги масъулият улкан эканини таъкидлади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий кутубхона, Ёзувчилар уюшмаси каби ташкилотлар бу борада кўплаб лойиҳаларни ҳаётга фаол татбиқ этмоқда.

Тадбирда 125 минг нусхадаги китоблар вазирлик ва идоралар вакилларига топширилди.
Зеро, жамиятда бир бадиий баркамол китобнинг чоп этилиши, унинг тақдимоти ўтказилиши қувонарли ҳол, чин маънода маърифат байрамидир. Йиғилганлар кейинги вақтларда бу каби анъаналар тобора кўпайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Умид қиламизки, мазкур китоблар ўқувчилар ва китобхонлар қўлидан тушмай ўқилиб, улардаги қизиқарли фактлар ёдда сақланади.
Н.Усмонова,
ЎзА