Журналистлар ташриф манзиллари билан танишдилар (+видео)
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида мамлакат ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Президент ташриф буюрган манзилларга медиатур ташкил этилди. Улар Фарғона шаҳридаги IT Park марказида ёшлар ва соҳа мутахассислари ҳамда тадбиркорлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. ЭКСПО марказида эса Фарғонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси, халқаро конференция ва музокаралар олиб бориш, битимлар имзолаш, божхона, логистика ваколатхоналари фаолияти имкониятларини кузатдилар. Қувасойдаги “Crown Ceramic” Ўзбекистон–Хитой корхонасидаги Марказий Осиёда ягона ўлчам ва сифатга эга керамогранит ишлаб чиқариш жараёнини кўрдилар. Барча манзилларда журналист ва блогерларга ислоҳот натижалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бурхониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси матбуот аҳли, ижтимоий тармоқ фаолларида унутилмас таассурот қолдирди. Улар 34 та манзилдаги ҳунармандчилик кўргазмалари, Мирзакарим қутидор уй-ҳовлиси, мусиқали ўйноқи фонтан ва бошқа тарихий иншоатлар кўзгуси бўлган бинолар меъморий ечимидан ҳайратларини яшира олмадилар. Сайлгоҳдаги дам олувчилар билан суҳбат ва интервьюлар уюштиришди.
– Бугунги медиатурнинг асосий шиори “Фарғонада янги кун нафаси” деб номланади. Мақсадимиз кечаётган ислоҳотларни бор бўйи билан кўрсатиш, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б Шуҳрат Орипов. – Журналистлар бу ислоҳотларни ёритишда фаол бўлиши лозим. Ижтимоий тармоқларда одамларнинг фикрларини кўрамиз, эшитамиз. Лекин улар жамоатчилик фикри эмас. Журналистлар ўзлари жараёнларни кўрса фикрлари ўзгаряпти. Булар янги контентлар орқали ОАВ, ижтимоий тармоқларга кўчади. Натижада одамлар бор ҳақиқатни бўёқларсиз кўрадилар.


Медиатурнинг иккинчи кунида унинг иштирокчиларига Қува туманидаги Каркидон сув омбори сайёҳлик манзили ва “Қуваагростар” агрокомплекси, агроволтиака усулидаги узумчилик боғи ҳамда Янги Қува маҳалласи фаолияти тақдимоти ўтказилди.


– Бугунги медиатур том маънода Янги Ўзбекистоннинг нафасини халқимизга етказишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Шуҳрат Орипов.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/2ROSqfOdq_g?si=YizkJXBWLWbY7jIS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА