“Яшил макон”да янгича ёндашув: маҳаллалар роли кучайтирилади
Самарқанд вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил кузги мавсумда 11 миллион 355 минг туп кўчат экиш режалаштирилмоқда. Ҳар бир одам учун 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси, 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлишини таъминлашни назарда тутувчи “3 – 30 – 300” халқаро стандарти асосида маҳалланинг яшиллик даражаси оширилади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 сентябрь куни қабул қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони маҳаллаларда қулай экологик муҳит яратиш, мавжуд дарахтларни муҳофаза қилиш ва экилган кўчатларнинг яшовчанлигини ошириш, кўкаламзорлаштириш жараёнларида илм-фан, рақамли технологиялар ҳамда давлат, бизнес ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришни назарда тутади.
– Кузги мавсумдан бошлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш “3 – 30 – 300” халқаро стандарти асосида амалга оширилади, – дейди Самарқанд вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бўлим бошлиғи Суҳроб Аҳмеджонов. – Бу ҳар бир инсон ўз яшаш ёки иш жойидан камида 3 та дарахтни кўра олиши, маҳалла, кўча ва шаҳар ҳудудларининг камида 30 фоизи яшил майдон ва дарахтзорлар билан қопланган бўлиши, ҳар бир фуқаро яшил ҳудуд, боғ ёки жамоат паркигача 300 метрдан узоқ бўлмаган масофада яшил маконга эга бўлишини ифодалайди. Булар шунчаки рақамлар эмас, бу – инсон саломатлиги, экологик барқарорлик ва қулай шаҳар муҳитини яратишга қаратилган ёндашув. Янги тизим босқичма-босқич амалга оширилиб, 2030 йилгача барча маҳаллаларни қамраб олади. Жорий йилда вилоятимиздаги ҳар бир туман ва шаҳардан ўнтадан маҳалла танланиб, намунавий ҳудуд сифатида экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Кўчат экиш 15 та асосий йўналиш бўйича олиб борилади. Яъни фермер хўжаликлари ва пахта-ғалла кластерлари ҳудудларида ҳимоя дарахтзорлари, дала четларида иҳота дарахтзорлари яратиш, маҳаллаларни, мактаб, боғча, олий таълим ва тиббиёт муассасаларини кўкаламзорлаштириш, автомобиль ва темир йўллар бўйларини яшиллаштириш, дарё, канал, ариқ ва зовурлар бўйларига дарахт экиш, саноат корхоналари атрофида яшил белбоғлар яратиш, чиқинди полигонлари атрофида ҳимоя дарахтзорлари барпо этиш, янги тутзорлар ташкил этишни ўз ичига олади. Бугунги кунда вилоятимиздаги ўрмон хўжаликлари, кўчат етиштирувчи фермерлар ва аҳоли томорқаларида 14 миллион тупдан ортиқ кўчат тайёрланган.
Экиш – ишнинг бошланиши, парвариш эса асосий вазифа ҳисобланади. Шу боис 1 октябрдан бошланган тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги доирасида дастлаб, маҳаллаларда яшил ҳудудлар жойлашувини аниқлаш, ерларни тайёрлаш, сув манбаларини, кўчат ва буталар захирасини яратиш чоралари кўрилмоқда. 1 ноябрдан эса кўчат ва буталарни экиш мавсуми бошланади. Самарқанд вилоятида 10 ноябрдан бошлаб кўчат экишга киришилади.

– “Яшил макон” лойиҳасининг куз мавсумида Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда 2 миллион 289 минг 100 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш вазифаси белгиланган , – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Бу жараённи ташкил этишда биз учун асосий мезон экиш ҳажми эмас, балки кўчатларнинг кўкариши ва келгуси йилларда ҳам сақланиб қолиши ҳисобланади. Шу мақсадда кўчат экиш ишлари аниқ манзиллар, масъуллар ва парвариш чоралари асосида ташкил этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига алоҳида эътибор қаратилади. “Маҳалла еттилиги” томонидан ҳар бир маҳаллада камбағал оилаларнинг хонадонларига 20 тупдан, жами 4 минг туп, якка ёлғиз кексаларнинг хонадонларига 10 тупдан, жами 1 минг 450 туп мевали дарахт кўчатлари етказиб берилади. “Маҳалла еттилиги” аъзолари ўзларига бириктирилган кўчаларда ариқлар бўйига ҳар бири 50 тупдан, жами 312 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар экилишини ташкил қилади. Вилоят бўйича қарийб 127 маҳаллада мавжуд “Маҳалла боғлари”да қуриб қолган кўчатлар ўрнида ҳар бирига 50 тупдан, жами 6 минг 350 тупдан ортиқ қўшимча кўчат экилади. Шунингдек, 16 та маҳаллада янги “Маҳалла боғи” ташкил қилиниб, уларнинг ҳар бирига 500 тупгача, жами 8 минг тупдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Давлатимиз раҳбари фармони асосида 2027 йил 1 январдан “Яшил маҳалла” лойиҳаси доирасида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий этилиши маҳаллаларни янада обод этишга хизмат қилади. Унга кўра, экологик жарималарнинг 90 фоиз қисми Маҳалла жамғармасига йўналтирилади. Маҳалла жамғармаси маблағларининг камида 30 фоизи маҳаллани яшиллаштириш хизматлари (кўчат, ўғит, суғориш)га сарфланади. Ҳар бир маҳаллага Ўрмон агентлиги томонидан ўрмончи-мураббий ходим бириктирилади ва у ҳар экиш мавсуми бошланишидан олдин “маҳалла еттилиги” учун қисқа ўқув курслари ташкил этади. “Еттилик” аъзолари маҳалладаги экиш учун бўш майдонлар, сув манбаларини ўрганиб, “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети учун буюртмани шакллантиради ва кўрсатилган хизматлар ҳисобини юритади. Фуқароларга экиш, суғориш, мульчалаш, компост тайёрлаш, дарахтни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш усуллари тўғрисида маълумот бериб боради. Ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200 – 1000 метр квадрат майдонда ҳар бир метр квадратга камида 2 та дарахт ва бута кўчатини (қатламлаб) зич экиш усули қўлланади. Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади. Бунда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар катта ҳажмли кўчат тувакларини ўрнатади, Ўрмон агентлиги сифатли кўчат етказиб беради. Кўчатларни экиш ва парваришлашга маҳалла аҳолиси жалб этилади.
Аҳолининг яшил боғларни яратиш бўйича талаб ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан “Яшил лот” тизими жорий этилади. Бунда маҳаллаларда бўш турган ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида ном бериш орқали яшил боғ барпо этиш учун ажратилади. Бу ҳудудлардан фақат боғ яратиш мақсадли фойдаланилади ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга мулк сифатида ўтказилмайди, уларда қурилиш, конструкциялар ўрнатиш ва бошқа фаолият турларини олиб бориш тақиқланади. Ушбу боғлардан аҳоли томонидан умумий фойдаланилиши чекланмайди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқандда яна бир эзгу ташаббус бошланди. “Яшил ва ёруғ маҳалла” ташаббуси асосида вилоятдаги 388 маҳаллада боғ яратиш, 169 маҳаллада қуёш панелли 4400 та тунги чироқ ўрнатиш, дарахтлар атрофини бетон ва бошқа тўсиқлардан тозалаш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда маҳаллалар аҳолиси, ҳомийлар ёрдам билан бу юмушларга киришилган.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири