Мактаб директори ишга киритиш эвазига пора олган вақтида ушланди
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида мактаб директори фуқарони ишга қабул қилиш эвазига 600 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.
Маълум бўлишича, тумандаги умумий ўрта таълим мактаби директори Д.С. фуқаро Г.Ш.ни ушбу мактабга инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида ишга қабул қилиш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган.
Директор келишилган пул маблағини олаётган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳри бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА