“Яшил макон”: ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам бор
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг аграр, сув ва экологик масалалар бўйича доимий комиссияси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
Эшитувларда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси, жумладан, вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, дарахтларни рақамлаштириш ва паспортлаштириш ишларининг бориши атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, тадбирда жамоатчилик мониторинги натижалари ва масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 24 июнь ҳолатига кўра, Навоий вилоятида беш йилдан ошган 8 минг 439 туп мева ва манзарали дарахт “Yashilmakon.eco” электрон платформасига киритилган. 2025 йил баҳор ва куз мавсумларида режалаштирилган 17 миллион 684 минг туп ўрнига 18 миллион 186,2 минг туп кўчат экилиб, платформага киритилган. Жорий йил баҳорида эса режадаги 5 миллион 171 минг туп ўрнига 5 миллион 439 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилгани қайд этилди.

Мониторинг давомида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Жумладан, Навоий шаҳрида дарахтларни рақамлаштириш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, суғориш тизимларини яхшилаш мақсадида 2,2 километр ариқ ва 3,3 километр қувурлар таъмирланган, 18 та вертикал қудуқ ишга туширилган. Кўчатларни суғориш учун махсус техникалар ажратилган.
Навбаҳор туманида эса турли ҳудудларда экилган кўчатлар томчилатиб суғориш, қудуқ суви, мотопомпа, электр насослари ва махсус сув ташувчи техникалар орқали суғорилмоқда.
Нурота туманида “Яшил боғ”, “Ёшлар боғи” ва “Мустақиллик боғи”да замонавий суғориш тизимлари ташкил этилган. Шунингдек, Нурота - Самарқанд автомобиль йўли бўйлаб 16 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими барпо этилган.
Бироқ мониторинг давомида қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Айрим ҳудудларда суғориш тизимларининг етарли даражада йўлга қўйилмагани сабабли кўчатлар қуриб қолмоқда. 2026 йил 15 июнь ҳолатига кўра, вилоятда 54 минг 168 туп дарахт нобуд бўлган. Бунинг асосий қисми Хатирчи, Кармана ва Навбаҳор туманлари ҳиссасига тўғри келади. Қизилтепа тумани ҳудудида М–37 автомобиль йўли бўйлаб экилган 150 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари парвариш етарли бўлмагани учун тўлиқ қуриб қолгани маълум бўлди. Шунингдек, айрим ҳудудларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва чорва моллари томонидан шикастланиши ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вилоят бошқармаси томонидан мавсум бошидан буён дарахтларни суғориш бўйича 31 та кўрсатма берилган. Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ 35 та ҳолат аниқланиб, 144 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилган.
Мутахассислар фикрича, дарахтларни инвентаризация қилиш ва паспортлаштириш ишлари якунига етмоқда. Электрон базадаги маълумотлар амалдаги ҳолатга мос келади, рақамлаштирилган дарахт ва кўчатларнинг 95 фоиздан ортиғи яхши вегетатив ҳолатда сақланмоқда.

Жамоатчилик эшитувлари якунида масъул идораларга суғориш тизимларини янада такомиллаштириш, кўчатларнинг сақланишини таъминлаш ва “Яшил макон” лойиҳаси самарадорлигини ошириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири