Самарқандлик нуронийлар эъзозланди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик Кенгашининг яқинда қабул қилинган қарорига кўра, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган нуронийларга ушбу нишонларни топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев мукофотланганларни табриклаб, юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳақида сўз юритди.
– Бугун бу ерда жам бўлган улуғ ёшдаги отахон ва онажонларимиз чинакам меҳнат фахрийлари, – деди А.Бобоев. – Улар ўз вақтида жамият ҳаётининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, вилоятимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган. Айни чоғда ҳам нафақада бўлсалар-да, ўз ҳаётий тажрибалари, билим ва салоҳиятлари билан ёшларга ибрат бўлиб, тўғри йўл кўрсатиб, нафақат ўз оилаларининг, балки жамиятимизнинг таянчи бўлиб келмоқда. Уларнинг фаоллиги, дуолари барча ишларимизга унум, барака бағишлаяпти.
Маросимда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали топширилди. “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши қарорига кўра, бу йил 78 нафар самарқандлик нуронийларнинг кўп йиллик самарали фаолияти эътироф этилиб, ушбу мукофотга лойиқ кўрилди.
[gallery-30239]
– Журналистика соҳасида эллик йилдан ортиқ вақт ишлаб, турли давр, сиёсий тузумларни кўрдик, – дейди Нарпай туманидаги “Навқирон Нарпай” газетаси муҳаррири Тошпўлат Тошмуродов. – Лекин бугунгичалик инсонга эътиборни, инсон қадрининг улуғланишини кўрмаганмиз, десам муболаға қилмаган бўламан. Президентимиз ташаббуси билан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилиши ва ҳар йили юзлаб юртдошларимизнинг кўп йиллик заҳматли фаолияти эътироф этилаётгани ҳам ана шу эътиборнинг ёрқин бир кўриниши ҳисобланади. Бу йил мукофотланганлар қаторида менинг ҳам номим борлигини кўриб, қалбим қувонч ва ҳаяжонга тўлди. Албатта, бунинг учун “Нуроний” жамғармаси раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Маросим тўкин дастурхон атрофида нуронийларнинг дилкаш суҳбати билан давом этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари