“Яшил макон”: экилган кўчатларнинг келажаги кафолатланганми?
Кўчат экиш улуғ ва савобли амал. Бироқ янги ниҳолни тирик дарахтга айлантириш учун мунтазам парваришлаш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва унинг ўсиши учун шароит яратиш талаб этилади.
Айниқса, Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлимида бу масала янада долзарб. Сув ресурсларига босим кучайиб бораётган бир пайтда ҳар бир экилган дарахт учун сувни қаердан ва қандай етказиб бериш масаласи ҳам олдиндан ҳисобга олиниши зарур.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига миллий ечим сифатидаги долзарб лойиҳадир. Ушбу лойиҳа замирида автомобил ва турли русумдаги машиналар, логистика ва техника воситалари қуршовида қолган маконга асл табиатни туҳфа этиш, кўчат экиш ва боғ яратиш ётибди. Ушбу ташаббус 2021 йилдан бошлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида бугунга қадар ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида минглаб мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилган. Шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Президент Фармонига кўра, юртимиздаги аҳоли юрадиган асосий тротуарларда “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш белгиланган.
Дарахтни экиш давлат ташкилоти, маҳалла ёки корхона ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Аммо уни асраш маданияти ҳар бир инсоннинг кундалик одатига айланмаса, экилган ниҳолнинг келажаги кафолатланмайди. Кўчатни синдирмаслик, дарахт тагига чиқинди ташламаслик, сувни исроф қилмаслик, яшил ҳудудларга эҳтиёткор муносабатда бўлиш — экологик маданиятнинг энг оддий, аммо муҳим кўринишларидир. Бу маданият оилада шаклланади. Бола дарахтни шунчаки кўкаламзорлик эмас, тирик табиатнинг бир қисми сифатида қабул қилса, кейинчалик унга муносабати ҳам бошқача бўлади.
Бугун шаҳарларда дарахт сони қанча экани эмас, уларнинг қанчаси яшаб қолаётганлиги ҳам муҳим масалага айланмоқда. Чунки иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ортиши, сув танқислиги ва чўлланиш жараёнлари шароитида ҳар бир яшил ҳудуднинг экологик қиймати тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилаётгани ҳам ана шу эҳтиёж билан боғлиқ. Аммо бу ташаббуснинг ҳақиқий самараси фақат мавсумда қанча кўчат экилгани билан эмас, балки уларнинг кейинги тақдири билан белгиланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказиш вазифасини белгилади. Бу вазифа фақат экологик кўрсаткични яхшилаш эмас. У шаҳарларни келажакдаги иқлим шароитига мослаштириш билан ҳам боғлиқ.
Яшил ҳудуд ҳақида гап кетганда, сув масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Чунки дарахт экиш ва сувдан оқилона фойдаланиш бир-биридан ажралмас жараён. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, шаҳарларда яшил ҳудудларни суғоришда самарали усуллардан фойдаланиш ва сув йўқотишларини камайтириш экологик сиёсатнинг ўзаро боғлиқ йўналишларидир. Демак, “Яшил макон”нинг келажаги нафақат қанча кўчат экилишига, балки сув ресурсларидан қанчалик оқилона фойдаланилишига ҳам боғлиқ.
Хўш, экологик маданият қаердан бошланади?
Дарахтни экиш давлат ташкилоти, маҳалла ёки корхона ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Аммо уни асраш маданияти ҳар бир инсоннинг кундалик одатига айланмаса, экилган ниҳолнинг келажаги кафолатланмайди. Кўчатни синдирмаслик, дарахт тагига чиқинди ташламаслик, сувни исроф қилмаслик, яшил ҳудудларга эҳтиёткор муносабатда бўлиш — экологик маданиятнинг энг оддий, аммо муҳим кўринишларидир. Бу маданият оилада шаклланади. Бола дарахтни шунчаки кўкаламзорлик эмас, тирик табиатнинг бир қисми сифатида қабул қилса, кейинчалик унга муносабати ҳам бошқача бўлади. Мактаб, маҳалла ва жамоатчиликнинг экологик тадбирларда иштирок этиши эса бу тушунчани янада мустаҳкамлайди.

“Яшил макон”нинг энг муҳим натижаси нима?
Лойиҳанинг натижасини фақат экилган кўчатлар сони билан ўлчаш бир томонлама ёндашув бўлиши мумкин. Аслида натижа бир неча йилдан кейин кўринади: қанча ниҳол дарахтга айланди, яшил ҳудуд қанча кенгайди, шаҳар муҳити қанчалик ўзгарди, аҳоли бу жараёнда қай даражада иштирок этди? Шунинг учун экологик ташаббусларни баҳолашда “қанча экилди?” деган савол билан бирга “қанчаси сақланди?” деган савол ҳам берилиши керак. Бу ёндашув “Яшил макон”нинг мазмун-моҳиятини янада кенгайтиради. Чунки гап бир кунлик тадбир ҳақида эмас, йиллар давомида яшайдиган яшил муҳитни яратиш ҳақида бормоқда.

Иқлим ўзгариши, иссиқ тўлқинлари, сув танқислиги ва чўлланиш каби жараёнлар Ўзбекистон учун ҳам экологик барқарорлик масаласини янада муҳим қилиб қўймоқда. Бундай шароитда ҳар бир дарахтнинг қиймати ортади. Бир гектар яшил ҳудуд, бир кўча бўйлаб экилган дарахтлар қатори ёки маҳаллада сақлаб қолинган кўп йиллик дарахтлар — буларнинг барчаси шаҳар ва аҳоли яшаш муҳитининг бир қисми.
Президентимиз таъкидлаганидек, табиатга муносабат — халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичи. Бу фикрни “Яшил макон”нинг асосий мезони сифатида қабул қилиш мумкин. Чунки экологик маданият фақат табиат ҳақида гапириш билан эмас, унга муносабатимизда намоён бўлади. Шу маънода, “Яшил макон” — бу фақат дарахт экиш эмас. Бу шаҳарларни келажакка тайёрлаш, сувдан тежамкор фойдаланиш, мавжуд дарахтларни асраш ва жамиятда табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш жараёнидир. Энг муҳими, бугун экилган ниҳолнинг эртага дарахт бўлиб, ундан кейинги авлодга соя бериши учун уни бугундан асраш керак. Зеро, келажакнинг яшиллиги бугунги муносабатимиздан бошланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА