Марғилонда халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивали бошланди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Водий гавҳари» – «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуасида Халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
«Адабий дўстлик – абадий дўстлик!» шиори остида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, адабий ҳамкорликни янада ривожлантириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилган.
Фестивалнинг очилиш маросимида дунёнинг 15 дан ортиқ давлати ва ҳудудидан ташриф буюрган ёзувчи ва шоирлар, адабиёт намояндалари, ТУРКСОЙ вакиллари, халқаро меҳмонлар, шунингдек, 10 минг нафардан зиёд фарғоналиклар ҳамда вилоят меҳмонлари иштирок этди.
АҚШ, Россия, Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Татаристон ва бошқа мамлакат ҳамда ҳудудлардан келган ижодкорларнинг иштироки анжуманга ўзига хос шукуҳ бағишлади.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар адабиётнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш, миллий қадриятлар ва маънавий меросни асраб-авайлашдаги ўрни хусусида сўз юритди.
Фестиваль доирасида кенг кўламли китоб кўргазмалари ташкил этилди. Уларда мамлакатимиздаги йирик нашриётлар, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган нашриётлар ҳамда хорижий ноширлар томонидан тақдим этилган бадиий, илмий-маърифий адабиётлар ва янги нашрлар намойиш қилинди.
Иштирокчилар ва китобхонлар турли жанрдаги асарлар, адабий янгиликлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Мажмуа ҳудудидаги Мирзакарим қутидорнинг рамзий ҳовлисида ўтказилган халқаро мушоира ҳам фестивалнинг эътиборли тадбирларидан бири бўлди. Унда турли мамлакатлардан ташриф буюрган таниқли шоирлар ва ижодкорлар ўз шеърларидан намуналар ўқиб, адабиёт ихлосмандларига кўтаринки кайфият улашди.
Турли тилларда янграган шеърлар, самимий ижодий мулоқотлар адабиётнинг халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи маънавий кўприк эканини яна бир бор намоён этди.
Уч кун давом этадиган фестиваль доирасидаги адабий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва китоб кўргазмалари Марғилоннинг халқаро маданий мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.
[gallery-32271]
Қадимий Марғилонда ўтаётган мазкур халқаро анжуман китобга меҳр уйғотиш, ижодкорлар ўртасида тажриба алмашиш, адабий алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА