Яшил келажакни яратишда ёшлар ташаббуси қўллаб-қувватланади
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Яшил келажак: Экологик дипломатия ва ёшлар ташаббуси” мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда глобал экологик муаммолар тобора кучайиб бораётган бир пайтда ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларда масъулият ҳиссини шакллантириш муҳим вазифа экани таъкидланди. Экологик дипломатия бугунги кунда давлатлараро ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айлангани қайд этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда экологик сиёсатни ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ҳамда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Бир қатор муҳим ва долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.
[gallery-28490]
Тадбир якунида талабалар ва мутахассислар ўртасида савол-жавоблар ташкил этилди. Иштирокчилар экологик муаммоларни ҳал этиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик ҳаракатларини ривожлантириш ҳамда инновацион “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар томонидан илгари сурилган ташаббуслар, жумладан, университет миқёсида чиқиндиларни саралаш тизимини жорий этиш, экологик акцияларни кенгайтириш ва медиа лойиҳалар орқали экологик тарғиботни кучайтириш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур тадбир экологик дипломатия, барқарор ривожланиш ва ёшлар ташаббуслари ўртасидаги узвий боғлиқликни яна бир бор намоён этди. Очиқ мулоқот ёшларнинг экологик билимларини ошириш, уларни глобал ва маҳаллий экологик муаммолар ечимига фаол жалб этиш, шунингдек, турли ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
Фарод Абдурасулов (сурат),
ЎзА