Ўзбекистон флорасига мансуб ўсимликлар таркиби Германияда ўрганилади
ўсимликлар
Замонавий тиббиёт қанчалик ривожланмасин, дори воситаларининг қарийб 40 фоизи ўсимлик хом ашёсидан олинади. Доривор нафақат касалликни даволаш, балки соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Заминимиз – минг бир дардга даво бўлувчи гиёҳлар хазинаси. Абу Али ибн Сино бобомиз ўз вақтида 800 дан ортиқ доривор ўсимликларнинг хусусиятларини таърифлаб берган бўлса, бугунги кунда юртимиз флорасида тўрт ярим мингдан ортиқ ўсимлик тури мавжуд. Уларнинг 1,2 мингдан зиёди доривор хусусиятга эга.

Мамлакатимизда халқ табобати ва замонавий фармацевтиканинг интеграцияси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Доривор ўсимликларни маданийлаштириш, плантациялар ташкил этиш ва уларни саноат усулида қайта ишлаш иқтисодиётнинг янги драйверларидан бирига айланмоқда.
Дунё миқёсида «фитотерапия» бозори йилига10-15 фоизга ўсиб бормоқда. Германия, Франция ва Хитой каби давлатлар ўсимлик асосидаги дориларни яратишда етакчилик қилмоқда. Айниқса, Германия тажрибаси диққатга сазовордир. У ерда доривор ўсимликларни стандартлаштириш ва уларнинг кимёвий таркибини молекуляр даражада ўрганиш бўйича энг кучли мактаблар шаклланган.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўналишида муҳим қадам ташланди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Германиянинг нуфузли Philipps-Universität Marburg университети вакилларининг онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар марказида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни илмий асосда ўрганиш ва уларни глобал фармацевтика бозорига олиб чиқиш масаласи турди.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон флорасига мансуб ўсимликлар таркиби Германия лабораторияларида юқори технологиялар асосида текшириладиган бўлди.
Шунингдек, келишувга кўра, табиий манбалардан юқори самарадорликка эга дори воситалари учун хом ашё (субстанциялар) яратилади. Икки давлат олимлари иштирокида юртимиз тоғ ва чўл ҳудудларига илмий сафарлар уюштирилади. Маҳаллий мутахассислар учун Германияда қисқа муддатли илмий стажировкалар ташкил этилади.
Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ва Германиянинг илғор илмий салоҳияти бирлашиши натижасида яратиладиган инновацион дори воситалари келажакда кўплаб хасталикларга самарали даво бўлиши шубҳасиз. Ушбу ҳамкорлик заминимиздаги оддий гиёҳларни жаҳон тан олган шифобахш дорига айлантириш имконини берса, ажабмас.
Моҳигул Қосимова, ЎзА