Ярим йиллик фаолият якунлари таҳлил қилинди
Сирдарё вилоят ҳокимлигида Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Фарруҳ Омонов иштирокида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоят аҳолисидан жами 17 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга кўпдир. Келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида уларнинг 56 фоизи ижобий ҳал этилган.

Таъкидланганидек, вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда тизимли ёндашув шакллантирилган. Жумладан, секторлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида сайёр ва шахсий қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда. Шунингдек, муаммоларни жойида бартараф этишга қаратилган штаблар фаолиятини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йиғилиш давомида соҳалар кесимида келиб тушган мурожаатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, такрорий мурожаатларга олиб келаётган омиллар ҳамда мавжуд камчиликлар муҳокама этилди. Масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Йиғилишда, айниқса, такрорий ва жамоавий мурожаатлар сонини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Қарши шаҳрида шаклланган ижобий тажрибани оммалаштириш, мурожаатларда кўтарилаётган тизимли муаммоларни тегишли идоралар билан ҳамкорликда чуқур таҳлил қилиш, уларнинг асл сабабларини бартараф этиш ҳамда вилоят ва туманлар даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан тезкор чоралар кўриш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, мурожаатлар билан ишлашда профилактик ёндашувни кучайтириш, ҳар бир мурожаатнинг сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлаш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни янада кенгайтириш ҳамда масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи томонидан Сирдарё вилояти Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари лавозимига тайинланган Дилшунос Абдуллаева йиғилиш иштирокчиларига таништирилди.
Таъкидланганидек, аҳоли мурожаатларини тизимли ўрганиш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган ўрганиш ишлари ҳудудларда изчил давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири