Ишонувчанлик қимматга тушмасин
Самарқанд вилояти прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида вилоятдаги кибержиноятлар статистикаси очиқланди ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойида вилоят ҳудудида рўйхатга олинган 13074 та жиноятнинг 6718 таси (51 фоизи) ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган. Таҳлилларга кўра, жиноятлар техник муаммолар туфайли эмас, балки аҳолининг ишонувчанлиги ва рақамли саводхонлик етишмаслиги оқибатида юз бермоқда. Хусусан, жиноятларнинг 42 фоизи зарарли илова ва ҳаволалар орқали, 44 фоизи интернетда сохта “сотувчилар”га ишониш натижасида, шунингдек, пул кўпайтириб бериш ва жабрланувчига номаълум шароитда содир этилган.
Матбуот анжуманида аҳолини огоҳликка чақиришда медиа вакилларининг ўрни алоҳида қайд этилди ҳамда ҳамкорликда аҳолига етиб борадиган, ҳаётий мисолларга асосланган қисқа видео ва постлар тайёрлаш, тармоқларда янги фирибгарлик схемаси пайдо бўлиши билан ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқада бўлиб, унинг ёлғон эканини тезкорлик билан халққа етказишга келишиб олинди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири