Янгийўл сабзавотлари энди халқаро бозорларда
Янгийўл туманида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ташқи бозорларга чиқариш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Yangiyo‘l Agro Star” корхонаси томонидан замонавий агротехнологиялар асосида етиштирилаётган помидор маҳсулотлари халқаро бозорларда харидоргир бўлиб, Италия ва Туркия давлатларига экспорт қилинмоқда. Мавсум давомида корхона томонидан 2 минг тоннага яқин маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, бу ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, помидор қоқи тайёрлаш жараёнида қўллаш учун Туркия давлатининг "Ark konservachilik" компаниясидан замонавий помидор кесиш технологияси олиб келинди. Мазкур технология вақт ва маблағни сезиларли даражада тежайди. 1 соатда 3-5 тонна помидор кесиш қувватига эга. Қўл меҳнатидан фойдаланилганда бу вазифа учун 35-40 нафар одам бир кун вақт сарфлайди.

Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 80 нафардан ортиқ фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган.

Бугунги кунда Янгийўл туманида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Замонавий ёндашув ва меҳнатсевар деҳқонлар саъй-ҳаракатлари натижасида маҳаллий маҳсулотлар жаҳон бозорларида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда.
А.Мусаев,ЎзА.